Маҳаллий

Ўзбекистон чорвадорлар уюшмаси ташкил этилади

Янги тузилма чорвадорлар манфаатларини ҳимоя қилиш, кооперацияни ривожлантириш, наслчилик ишлари, илмий тадқиқот ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш,

**Ўзбекистонда Чорвадорлар Уюшмаси Тузилади**

Президент Шавкат Мирзиёев чорвачилик ва паррандачиликни ривожлантириш, гўшт ва сут маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кўпайтириш ҳамда соҳага замонавий технологияларни жорий этишга қаратилган чора-тадбирлар тақдимоти билан танишди.

Мамлакатимизда аҳоли сони ва туризм оқимининг ўсиши озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талабни оширмоқда. Ҳозирда гўштга бўлган йиллик талаб 2 миллион 150 минг тоннани ташкил эца-да, ишлаб чиқариш ҳажми 1 миллион 600 минг тоннани ташкил этмоқда.

Шу сабабли, тақдимотда 2026-2028-йилларда чорвачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш бўйича ишлаб чиқилган комплекс чоралар муҳокама қилинди.

Фаолият юритмаётган корхоналарни тиклаш, чорвачиликка ихтисослашган туманларни қўллаб-қувватлаш, аҳоли хонадонларида енгил конструксияли молхоналар қуриш ва янги лойиҳаларни амалга ошириш ҳисобига қўшимча 190 минг тонна гўшт ишлаб чиқариш имконияти мавжудлиги қайд этилди.

Хусусан, фаолияти тўхтаб қолган 103 та чорвачилик корхонасини соғломлаштириш режалаштирилган. Уларнинг қарзларини реструктуризация қилиш ёки ўн йилга бўлиб тўлаш, озуқа етиштириш учун ер майдонлари ажратиш ва наслли моллар билан таъминлаш таклиф этилди. Натижада 33 минг бош қорамол парваришланиб, йилига 12 минг тонна гўшт ва 40 минг тонна сут ишлаб чиқариш имконияти яратилади.

Чорвачиликка ихтисослашган 13 та туманда 75 минг гектар озуқа майдонидан самарали фойдаланиш, кичик чорвачилик лойиҳаларини молиялаштириш, сут қабул қилиш пунктлари ва озуқа сотиш шохобчаларини ташкил этиш кўзда тутилган.

Шунингдек, аҳоли хонадонларида 20 сотих майдонда енгил конструксияли 11 мингта молхона қуриш ва уларда 421 минг бош қорамол парваришлаш режалаштирилган.

Умумий қиймати 3 триллион сўм бўлган 802 та янги лойиҳа доирасида 68 минг бошдан зиёд қорамол ҳамда 186 минг бош қўй ва эчки парваришлаш кўзда тутилган. Ушбу лойиҳалар йилига қўшимча 20 минг тонна гўшт ва 120 минг тонна сут ишлаб чиқариш имконини беради.

Қорақалпоғистон мисолида чорвачилик комплексларини соғломлаштириш бўйича сунъий интеллект ёрдамида тайёрланган таҳлил натижалари ҳам кўриб чиқилди. Ўрганилган 20 та комплекснинг қарзи 109,6 миллиард сўмни ташкил этиб, уларнинг ярми юқори хавфли тоифага киритилган. Аксарият обьектларда озуқа майдонлари ва зарур инфратузилма етарли эмас.

Шундан келиб чиқиб, қарз юкини енгиллаштириш, озуқа базасини шакллантириш, комплексларни дастлаб пилот тартибида, кейинчалик босқичма-босқич ишга тушириш ва наслли моллар билан таъминлаш бўйича таклифлар билдирилди.

Мўғулистондан 150 минг бош қўй, Хитой ва Европа давлатларидан 100 минг бош наслли қорамол, Беларус Республикасидан 2 минг бош мол олиб келиш режалаштирилмоқда. Бу орқали йилига қўшимча 44 минг тонна гўшт ишлаб чиқариш имконияти яратилади.

Умуман, чорвачилик тармоғини ривожлантириш учун 463 миллион доллар миқдорида маблағ йўналтириш кўзда тутилган.

Аҳоли хонадонлари ва чорвачиликка ихтисослашган маҳаллаларни қўллаб-қувватлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Республикада 191 та туманда 2 минг 407 та чорвачиликка ихтисослашган маҳалла мавжуд бўлиб, уларда 823 мингта хонадон ва 3,9 миллион нафар аҳоли истиқомат қилади.

Ушбу хонадонларга арзон чорва моллари етказиб бериш, сигирларни сунъий уруғлантириш, ем-хашак таъминоти ва зооветеринария хизматларини яхшилаш, наслдор бузоқларни идентификация қилиш ҳамда улар учун субсидия ажратиш таклиф этилди. Натижада хонадонларда чорва бош сони ва маҳсулдорлик ортиши, аҳоли учун қўшимча даромад манбалари яратилиши кутилмоқда.

Наслчилик соҳасида 13 та туманда ҳар бири 200 бош қорамолга мўлжалланган хўжаликлар ташкил этиш, йилига 500 минг бош сигирни сараланган уруғ билан сунъий уруғлантириш ва эмбрион трансплантацияси технологияларини кенг жорий қилиш режалаштирилган.

Тақдимотда Ўзбекистон чорвадорлар уюшмасини ташкил этиш таклифи ҳам кўриб чиқилди. Янги тузилма чорвадорлар манфаатларини ҳимоя қилиш, кооперацияни ривожлантириш, наслчилик ишлари, илмий тадқиқот ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш, молиявий кўмак кўрсатиш ҳамда ташқи бозорларга чиқишга кўмаклашиш билан шуғулланади.

Фермерлар ва аҳоли учун “Смарт Фермер” ягона рақамли ёрдамчиси ҳам тақдим этилди. Мобил илова орқали чорва молларини идентификация қилиш, ветеринар чақириш, сунъий уруғлантириш, озиқлантириш ва яйловларни бошқариш бўйича маълумот олиш, субсидияларга мурожаат қилиш ва сунъий интеллект асосида маслаҳат олиш мумкин бўлади.

Паррандачилик соҳасида умумий қиймати 432 миллион доллар бўлган лойиҳаларни амалга ошириш кўзда тутилган. Мазкур лойиҳалар ҳисобига 2028 йилгача қўшимча 100 минг тонна парранда гўшти ишлаб чиқариш, озуқа-ем қувватини 3,3 миллион тоннага етказиш ва замонавий сўйиш тизими қамровини 20 фоиздан 50 фоизга ошириш мақсад қилинган.

Давлатимиз раҳбари лойиҳаларнинг иқтисодий самарадорлигини чуқур таҳлил қилиш, маблағларни манзилли йўналтириш, рақамли ҳисоб ва мониторингни йўлга қўйиш, ички бозорни сифатли ва ҳамёнбоп маҳсулотлар билан барқарор таъминлаш бўйича мутасаддиларга топшириқлар берди.

economic developmentdigital farmingagricultural technologyfood securitylivestock developmentpoultry farmingmeat and dairy productionrural support