Лайфстайл

Парвоздан сўнг бортга чиқиш талонини дарҳол ташлаб юборманг — мутахассислар бунинг сабабини тушунтирди

**Парвоздан сўнг бортга чиқиш талонини дарҳол ташлаб юборманг: Мутахассислар сабабини тушунтирди**

Мутахассисларнинг таъкидлашича, парвоздан кейин бортга чиқиш талонини маълум муддат сақлаш муҳим. Бу баъзи вазиятларда вақт ва пулни тежашга, шунингдек, ортиқча муаммоларнинг олдини олишга ёрдам беради.

**Парвоз қилганингизни исботлаш зарурати туғилганда**

Гарчи авиакомпаниялар парвозлар ҳақидаги маълумотларни сақласа-да, баъзан техник носозликлар юзага келиши мумкин. Масалан, ташувчи амалга оширилган рейс ҳақидаги маълумотларни кўра олмаслиги ёки йўловчининг ҳақиқатан ҳам бортда бўлганига қўшимча тасдиқ талаб этилиши мумкин. Бундай ҳолатларда бортга чиқиш талони амалга оширилган парвознинг исботи бўлиб хизмат қилади.

Мутахассислар ҳужжатнинг қоғоз нусхасини сақлашни маслаҳат беришади. Мобил талон баъзан иловада кўринмай қолиши мумкин, аммо қоғоз нусхаси доимо йўловчида қолади. Бундан ташқари, зарурат туғилса, у бизнес-залга кириш ҳуқуқини тасдиқлаш ёки хизмат кўрсатиш синфини ошириш учун ҳам керак бўлиши мумкин.

**Миллар ҳисобга тушмаганда**

Баъзан парвоздан сўнг йўловчилар содиқлик дастури бўйича бонус миллари ёки баллари ҳисобланмаганини пайқаб қолишади. Бунга техник носозликлар сабаб бўлиши мумкин. УниМониТравел блоги муаллифлари таъкидлаганидек, "агар сиз авиакомпаниянинг содиқлик дастурида иштирок эцангиз, етишмаётган баллар ёки милларни олиш учун талон керак бўлиши мумкин. Баъзида авиакомпанияларда техник муаммолар юзага келиб, миллар автоматик тарзда ҳисобга тушмайди".

**Парвоз кечиктирилса ёки багаж йўқолса**

Бортга чиқиш талони саёҳат режалаштирилганидек ўтмаган тақдирда ҳам фойдали бўлиши мумкин. Рейс кечиктирилганда ёки бекор қилинганда, шунингдек, багаж йўқолганида суғурта компаниясига мурожаат қилиш ёки товон пули ва саёҳатчиларни ҳимоя қилиш бўйича кўзда тутилган бошқа имтиёзларни олиш учун уни сўрашлари мумкин. Ҳужжат парвоз ҳақидаги маълумотларни тасдиқлашга ёрдам беради ва мурожаатни кўриб чиқишни осонлаштиради.

**Талонни ахлат қутисига ташламанг**

Мутахассислар талонни сақлаш зарурати йўқолгандан кейин ҳам эҳтиёт бўлишни тавсия қилади. Агар гап унинг қоғоз нусхаси ҳақида кетаётган бўлса, уни бутунлигича ташлаб юбормаган маъқул.

Гап шундаки, талонидаги штрих-код махфий маълумотларни, жумладан, содиқлик дастури иштирокчиси рақамини ўз ичига олиши мумкин. Баъзи ҳолларда у йўловчининг электрон почта манзили, телефон рақами ёки бошқа шахсий маълумотлари билан боғланган бўлиши мумкин. Шу сабабли мутахассислар аввал ҳужжатнинг бошқа керак бўлмаслигига ишонч ҳосил қилишни, сўнгра уни хавфсиз усулда йўқ қилишни, масалан, бир неча қисмга бўлиб кесишни ёки шредердан фойдаланишни маслаҳат беришади.

personal dataair traveldata securityboarding passtravel tipsloyalty programslost luggageflight delays