Иқтисодиёт

Ўзбекистоннинг ялпи ички маҳсулоти 1 квадриллион сўмдан ошди

Ушбу кўрсаткич 2025-йилнинг мос даврига нисбатан 8,5 фоиз ўсгани маълум бўлди

Ўзбекистоннинг ялпи ички маҳсулоти (ЯИМ) 2026-йилнинг январ–июн ойларида 1 квадриллион сўмлик чегарадан ошиб, жорий нархларда 1 квадриллион 72,7 триллион сўмга етди. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 8,5 фоизга ўсганини англатади.

Статистик маълумотларга кўра, иқтисодий ўсишга турли тармоқларнинг ялпи қўшилган қиймати муҳим ҳисса қўшган. Ҳисобот даврида саноат ҳажми 272,6 триллион сўмга етиб, 8 фоиз ўсишни кўрсатди. Қурилиш соҳаси 79,2 триллион сўм билан 13,7 фоизга, савдо, яшаш ва овқатланиш хизматлари 151,2 триллион сўм билан 13,5 фоизга, ташиш ва сақлаш, ахборот ҳамда алоқа соҳаси эса 88 триллион сўм билан 18,6 фоизга ўсди.

Қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик хўжалигида ишлаб чиқарилган қўшилган қиймат 154,3 триллион сўмни ташкил этиб, 4,7 фоиз ўсиш суръатини қайд этди. Бошқа хизмат тармоқлари ҳажми 282,4 триллион сўмга етиб, 4,1 фоизга ошди.

Ҳисобот даврида ЯИМ дефлятор индекси 2025-йилнинг январ–июн ойларидаги нархларга нисбатан 109,8 фоизни ташкил этди. Энг юқори дефлятор кўрсаткичлари саноатда (113,1 фоиз), қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик хўжалигида (111,6 фоиз) ҳамда бошқа хизмат тармоқларида (111,5 фоиз) кузатилди.

Республика ўртача кўрсаткичидан паст дефлятор индекслари ташиш ва сақлаш, ахборот ҳамда алоқа соҳасида (103,2 фоиз), қурилишда (105,6 фоиз) ва савдо, яшаш ва овқатланиш хизматларида (106,2 фоиз) қайд этилди.

economic statisticseconomic growthservice sector growthuzbekistan gdpindustrial growthconstruction growthagriculture growthgdp deflator