Ўзбекистонда ёшлар жиноятлари кескин камайиб, ўсмирларники ортди

Ўзбекистонда ёшлар жиноятлари кескин камайди, ўсмирларники эса ошди
Ўзбекистонда 2026-йилнинг биринчи ярмида ёшлар томонидан содир этилган жиноятлар бир йил аввалги даврга нисбатан 25 фоизга камайган, вояга етмаганлар эса 4,5 фоизга кўпайган. Бу ҳақда ички ишлар вазири ўринбосари Рамазон Ашропов 14-июл куни Тошкент шаҳрида ўтган матбуот анжуманида маълум қилди.
Вазирлик вакили ярим йил давомида республикада содир этилган жиноятлар сони 2025-йилнинг мос даврига нисбатан сезиларли даражада камайганини та'кидлади.
“2026-йилнинг дастлабки олти ойида мамлакатда жами 14 минг 342 та олдини олиш мумкин бўлган жиноятлар содир этилган. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2 минг 309 тага камайган”, деди расмий.
Рамазон Ашропов
Фото: Ички ишлар вазирлиги
Рамазон Ашроповнинг сўзларига кўра, айрим жиноятлар сони камайган бўлса-да, ба'зиларида ўсиш кузатилган. Хусусан, олти ой ичида аёллар 663 та жиноят содир этган, бу рақам бир йил аввалги даврга нисбатан 251 тага камайган. Ҳисобот даврида ёшлар 2 минг 872 та (2025-йилнинг биринчи ярмига нисбатан 996 тага кам), муқаддам судланганлар эса 979 та (72 тага кам) жиноятга қўл урган.
Бироқ, ярим йил ичида вояга етмаганлар иштирокидаги жиноятлар ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 4,5 фоизга ошган. Я'ни, мазкур тоифадаги болалар жорий йилнинг дастлабки иккита чорагида 907 та жиноят содир этган (2025-йилнинг мос даврида 868 та эди).
“2026-йилнинг биринчи ярмида мамлакат ҳудудида ходимларнинг ташаббуси билан 19 минг 755 та жиноят аниқланиб, бу амалиёт 31 фоизга яхшиланган. Айниқса, аҳоли саломатлиги ва миллат генофондини гиёҳвандликдан ҳимоя қилиш, нарко жиноятларга қарши курашиш йўналишида кенг кўламли ҳамкорликдаги тезкор тадбирлар амалга оширилди”, деди Рамазон Ашропов.
Қайд этилишича, олти ой ичида наркотиклар ноқонуний муомаласи билан боғлиқ 8 минг 653 та жиноят иши қўзғатилган. Жиноий гуруҳ ва шахслардан 2,73 тонна миқдоридаги гиёҳвандлик воситалари олиб қўйилган.
Аввалроқ мазкур матбуот анжуманида 2026-йилнинг биринчи ярмида 18 нафар ички ишлар ходими хизмат вазифасини бажариш чоғида вафот этгани айтилганди. Шунингдек, автомобиллар олд ойналари тонировкасини арзонлаштириш масаласи кўриб чиқилмаётгани ҳам билдирилди.

