Ўзбекистонда Хавфли чиқиндиларни бошқариш дирексияси ташкил этилади

Ўзбекистонда Хавфли чиқиндиларни бошқариш дирексияси ташкил этилади. Президент томонидан имзоланган қарор хавфли чиқиндиларни бошқариш самарадорлигини оширишга қаратилган. Ҳужжатга кўра, мамлакатда хавфли чиқиндиларни ҳисобга олиш, қайта ишлаш, утилизация қилиш ва уларнинг атроф-муҳитга салбий таъсирини камайтиришга йўналтирилган янги тизим жорий этилмоқда.
Қарорга мувофиқ, 2027-йил 1-январдан бошлаб хавфли чиқиндиларни ҳосил қилувчи корхоналар экологик экспертиза хулосаси асосида хавфли чиқиндиларни бошқариш бўйича йиллик режалар тузади. Ушбу режаларда чиқиндилар ҳажмини камайтириш, уларни қайта ишлаш улушини ошириш ҳамда қайта ишлаш ёки зарарсизлантириш имкони бўлмаган чиқиндиларни утилизация қилиш чоралари кўзда тутилади.
Шунингдек, хавфли чиқиндиларни қайта ишлаш ва сиркуляр иқтисодиётни ривожлантириш мақсадида Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ҳузуридаги Чиқиндиларни бошқариш ва сиркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги таркибида Хавфли чиқиндиларни бошқариш дирексияси ташкил этилади. Дирексия хавфли чиқиндилар билан боғлиқ лойиҳаларни мувофиқлаштириш, замонавий технологияларни жорий этиш, инвесторларни жалб қилиш ва экологик хавфсизликни таъминлаш вазифаларини бажаради.
Қарорга биноан, 2026-йил 1-октябрдан бошлаб хавфли чиқиндиларни ҳосил қилувчи корхоналар йил якунлари бўйича статистик ҳисоботларни шакллантириб, агентликнинг ҳудудий бошқармаларига тақдим этади. Бундан ташқари, корхоналар ҳар чорак якунида, кейинги ойнинг 20-санасигача йиллик режада назарда тутилган кўрсаткичлар ҳамда ҳосил бўлган хавфли чиқиндилар ҳажми ва уларнинг кейинги ҳаракати тўғрисидаги маълумотларни агентлик ахборот тизимига киритиб боради. Вазирлик ва идоралар ўртасида ахборот алмашиш ҳамда мониторингни таъминлайдиган ахборот тизими эса 2027-йил 1-январга қадар ишлаб чиқилади.
Қарор билан фойдаланишдан чиқарилган хавфли чиқиндилар ва махсус обьектларни экологик қайта тиклаш бўйича янги молиялаштириш механизмлари ҳам жорий қилинмоқда. Зарур маблағлар чиқиндиларни ҳосил қилувчи ташкилотлар ҳисобидан шакллантирилади ва экологик рекултивация ишларига йўналтирилади.
Бундан ташқари, уран мероси обьектлари ҳамда радиоактив чиқиндилар билан ишлаш бўйича ваколатли органлар ва уларнинг вазифалари аниқ белгиланди. Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси регулатор этиб белгиланса, Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ҳузуридаги агентлик ушбу обьектларни бошқариш ва экологик қайта тиклаш ишлари учун масъул бўлади.
Президент қарорида вазирлик ва идораларга хавфли чиқиндиларни бошқариш бўйича ахборот тизимини яратиш, норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш ҳамда халқаро стандартлар асосида тизимни ривожлантириш юзасидан ҳам тегишли топшириқлар берилган.

