Ўзбекистонда тезликни 80 км/соатдан оширганлик учун ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум қилиш таклиф этилди
Белгиланган тезликни 80 км/соатдан оширганларни ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум қилиш ва 26,8 млн сўмгача жаримага тортиш таклиф қилинди. Қонун лойиҳасида, шунингдек, ЙҲҚни қўпол тарзда бузганлик учун транспорт воситасини бир йилгача бўлган муддатга вақтинча олиб қўйиш ҳам назарда тутилган.

Ўзбекистонда тезликни соатига 80 километрдан ортиқ оширган ҳайдовчиларни транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиш таклифи илгари сурилди. Шунингдек, автомототранспорт воситасини вақтинча олиб қўйишни янги маъмурий жазо тури сифатида жорий этиш кўзда тутилмоқда. Бу ҳақда ЎзЛиДеП фраксияси депутатлари томонидан муҳокама қилинган қонун лойиҳасида айтилган, дея хабар беради партия матбуот хизмати.
Ҳужжат йўл ҳаракати хавфсизлиги тизимини такомиллаштириш мақсадида амалдаги қонунчиликка ўзгартириш ва қўшимчалар киритишни назарда тутади.
Лойиҳага кўра, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга автомототранспорт воситасини вақтинча олиб қўйиш деган янги жазо тури киритилади. Бу жазо суд қарорига асосан қоидабузарнинг автомобили ёки мотоциклини 6 ойдан 1 йилгача муддатга жарима майдончасига жойлаштиришни назарда тутади.
Ушбу чора йўл ҳаракати қоидаларини қўпол равишда бузиш ҳолатларида қўлланилиши мумкин. Қонун лойиҳасида, шунингдек, транспорт воситасини вояга етмаган шахсга бошқаришга бериш, ноқонуний пойгаларда иштирок этиш, тезликни кескин ошириш ва маст ҳолатда транспорт воситасини бошқариш учун жавобгарликни кучайтириш кўзда тутилган.
Хусусан, белгиланган тезлик меъёридан 80 км/соатдан ортиқ оширганлик учун транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиш ва 26,8 миллион сўмгача жарима солиш таклиф этилмоқда.
Агар вояга етмаган шахсга транспорт воситасини бошқаришга бериш оғир оқибатларга олиб келса, жиноий жавобгарлик белгиланиши кўзда тутилган.
Бундан ташқари, қонун лойиҳасида пойгалар фақат махсус ажратилган ҳудудларда, хавфсизлик талабларига риоя қилган ҳолда спорт тадбири сифатида ўтказилиши белгиланган.
Партия ушбу ўзгаришлар йўлларда хавфсизликни таъминлаш, инсон ҳаёти ва саломатлигини ҳимоя қилишга қаратилганини таъкидлади. Қонун лойиҳаси ҳозирда муҳокама қилинмоқда.
Эслатиб ўтамиз, июн ойида ИИВ беш турдаги қўпол қоидабузарликлар учун автомобилларни вақтинча олиб қўйишни, маст ҳолатда ҳайдаганлик учун қамоқ жазосини киритишни ҳамда қўпол қоидабузарлар учун жарималарни тўлашдаги чегирмаларни бекор қилишни таклиф қилган эди. Ҳайдовчилик ҳуқуқи бўлмаган "йўл безорилари"нинг машиналари мусодара қилиниши мумкин.
ЙҲҚнинг қўпол тарзда бузилиши билан боғлиқ шов-шувли ҳолатлар жамоатчилик муҳокамасига сабаб бўлиб келмоқда. 2024-йилнинг октабр ойида хонанда Жаҳонгир Отажонов Тошкент кўчаларида юқори тезликда ҳаракатлангани акс этган видеони жойлаштирганди. У аҳоли пунктидан ташқарида рухсат этилган 100 км/соат тезлик ўрнига 195 км/соатгача тезлашиб, ЙҲҚни бузган. Видео тарқалгач, ички ишлар органлари ходимлари ҳайдовчининг шахсини аниқлаб, унга нисбатан чора кўрган.
2026-йилнинг март ойида эса Сергели туманида Мерседес-Бенз Г-Сласс ҳайдовчиси 211 км/соат тезликда ҳаракатланиб, милтиллаб ёнувчи чироқдан фойдаланган. У видеони ижтимоий тармоқлардаги саҳифасига жойлаштирган. Ҳайдовчи аниқланиб, унга нисбатан маъмурий баённома тузилган, автомобили эса жарима майдончасига жойлаштирилган.

