Ўзбекистонда июлда эскроу тизими орқали 34,3 мингдан ортиқ битим расмийлаштирилди

Ўзбекистонда 2026-йил июл ойида эскроу тизими орқали 34,3 мингдан зиёд битим амалга оширилди. Бу ҳақда Марказий банк маълумот берди.
Хабарга кўра, ўтган ойда жами 34 минг 341 та битим расмийлаштирилган. Шундан 18 минг 306 таси транспорт воситаларига, 16 минг 35 таси эса кўчмас мулкка оид олди-сотди шартномалари бўлган.
Ҳисобот даври якунига кўра, 1 минг 96 та битим ҳали кўриб чиқиш жараёнида.
Ҳудудлар бўйича энг юқори фаоллик Тошкент шаҳрида кузатилган. Пойтахтда июл ойида 9 минг 674 та эскроу битими расмийлаштирилган бўлиб, бу республика бўйича умумий битимларнинг 28,1 фоизини ташкил этган.
Кейинги ўринларда Фарғона вилояти (3 минг 401 та), Самарқанд вилояти (2 минг 810 та) ва Андижон вилояти (2 минг 567 та) жойлашган.
Аввалроқ, улушли қурилишда жорий этилаётган эскроу тизими уйларнинг таннархини ошириши мумкинлиги ҳақида хабар берилган эди. Бу маълумот Ўзбекистон Халқ демократик партияси фраксияси йиғилишида эълон қилинган.
Урбанизация ва уй-жой бозорини барқарор ривожлантириш миллий қўмитаси масъул ходими Жамшид Мирзаевнинг таъкидлашича, янги тизимда фуқаролар ва улушдорларнинг барча маблағлари – тўловлар, субсидиялар, ипотека кредитлари – банкдаги эскроу ҳисобварағига жамланади, қурувчи эса бу маблағлардан фойдалана олмайди.

