Ўзбекистонда 6 ойда кўчмас мулк битимлари ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 25 фоизга ошди
2026-йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистонда кўчмас мулк олди-сотди битимлари сони 171 мингдан ошиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 25,3 фоизга кўпайди. Июн ойида эса 25 мингдан ортиқ битим қайд этилиб, май ойига нисбатан 23 фоиз, 2025-йил июнига нисбатан эса 20,4 фоиз ўсиш кузатилди.

Ўзбекистонда жорий йилнинг дастлабки олти ойида кўчмас мулк савдо битимлари ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 25 фоизга ошди. Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази маълумотларига кўра, 2026-йилда кўчмас мулк бозорида сезиларли фаоллик кузатилган.
Март ойидаги юқори кўрсаткичдан сўнг апрел-май ойларида бироз пасайиш кузатилган бўлса-да, июн ойида битимлар сони яна ўсишни бошлади. Хусусан, 2025-йил июн ойига нисбатан 20,4 фоизга, 2024-йил июн ойига нисбатан эса 24,9 фоизга кўпроқ битимлар қайд этилди.
Июн ойида кўчмас мулк олди-сотди битимлари сони 25 мингтадан ошиб, ўтган ойга нисбатан 23 фоизга кўпайди. Марказнинг таъкидлашича, бу ўсиш республиканинг барча ҳудудларида битимлар сонининг ортиши билан боғлиқ.
Май ойига нисбатан энг юқори ўсиш суръатлари Бухоро (50,1%), Навоий (41,5%) ва Самарқанд (31,8%) вилоятларида кузатилди. Андижон (17,9%), Тошкент (12,2%) ва Хоразм (0,9%) вилоятларида эса нисбатан мўътадил ўсиш қайд этилди.
Йиллик ҳисобда энг юқори ўсиш Тошкент шаҳрида (35,7%), Сирдарё (26,9%) ва Навоий (26,3%) вилоятларида, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикасида (23,3%) кузатилди. Жиззах (5,7%), Фарғона (3,6%) ва Тошкент (3,3%) вилоятларида эса ўсиш суръатлари нисбатан мўътадил бўлди.
2026-йилнинг биринчи ярмида кўчмас мулк олди-сотди битимларининг умумий сони 171 мингтадан ошиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 25,3 фоизга кўпайди. Бу мутлақ ҳисобда 34,5 мингта битимга тенг. Таҳлил қилинган даврда республиканинг барча ҳудудларида кўчмас мулк олди-сотди битимлари сони ошган.
Энг юқори ўсиш суръатлари Сирдарё вилоятида (36,4%), Тошкент шаҳрида (34,9%) ва Навоий вилоятида (30%) қайд этилди. Хоразм (16,7%), Бухоро (15,4%) ва Фарғона (12,1%) вилоятлари эса нисбатан мўътадил ўсишга эга ҳудудлар қаторига кирди.
Эслатиб ўтамиз, январ-июн ойларида Ўзбекистон банклари томонидан 13,1 триллион сўмлик ипотека кредитлари ажратилган. Бу ўтган йилга нисбатан қарийб 39% га кўпдир. Қарз олувчилар сони 34,8% га ошиб, 42,6 минг кишига етди. Буджет ҳисобидан ипотека бўйича ўртача ставкалар 17,5% дан 16,8% гача пасайган.

