Ўзбекистонда июл ойи қандай об-ҳаво билан эсда қолди?
Июл ойида Ўзбекистонда ўртача ойлик ҳаво ҳарорати иқлим меъёридан 1,3−2,3 даражага юқори бўлди. 18−19-июл кунлари экстремал жазирама кузатилиб, ҳарорат рекордлари янгиланди. Марказий ва шарқий ҳудудларда +40° ва ундан юқори ҳарорат 3−8 кун, қолган ҳудудларда эса 9−18 кун давом этди.

Ўзбекистонда 2026-йил июл ойининг об-ҳавоси қандай кечди?
Ўзгидрометнинг иқлим шарҳига кўра, 2026-йил июл ойида Ўзбекистоннинг катта қисмида ўртача ойлик ҳаво ҳарорати иқлим меъёридан 1,3-2,3 даражага, шимолий ва чўл ҳудудларининг айрим жойларида эса 2,5-2,8 даражага юқори бўлган.
Июл ойининг ҳарорат режими ўзгарувчан бўлди. Ой бошида ҳаво ҳарорати одатдагидан анча салқин бўлиб, иқлимий меъёрдан 3-5 даражага паст кузатилди. Кундузги ҳарорат +27…+32 даражадан ошмади.
Бироқ, июл ойининг иккинчи беш кунлигидан бошлаб ҳаво ҳарорати кун сайин кўтарилди. Ўзбекистоннинг аксарият ҳудудларида жазирама 18-19-июл кунлари энг юқори чўққига етди, шимоли-ғарбий ҳудудларда эса экстремал иссиқ икки кун аввал бошланди.
Бу кунларда ҳаво ҳарорати +43…+45 даражага, жанубий ва чўл ҳудудларида эса +46…+50 даражагача кўтарилди. Қатор ҳудудларда максимал ҳаво ҳарорати бўйича янги рекордлар қайд этилди. Фарғона водийси вилоят марказларида эса максимал ҳарорат рекордлари икки марта янгиланди.
Тошкентда жазирама 19-июл куни энг юқори чўққига етди. Шу куни ҳаво ҳарорати +44,3 даражани ташкил этиб, бу пойтахтда 1997-йил 18-июл куни қайд этилган мутлақ максимумдан (+44,6 даража) атиги 0,3 даражага паст бўлди.
Бу даврда тунлар ҳам дим бўлди. Энг паст ҳарорат +25…+28 даражадан тушмади, жанубий ва чўл ҳудудларининг айрим жойларида эса +30…+33 даража қайд этилди.
Июл ойининг учинчи ўн кунлиги бошида нисбатан салқин ҳаво оқими таъсирида ҳарорат қисқа муддатга иқлимий меъёрига ва ундан бироз паст даражага тушди. Бироқ ой сўнгига келиб ҳаво ҳарорати яна меъёрдан 2-3 даражага юқори бўлди.
Ҳаво ҳарорати +40 даража ва ундан юқори бўлган кунлар сони марказий ва шарқий ҳудудларда 3-8 кунни, қолган ҳудудларда 9-18 кунни, Қизилқум чўли ҳамда жанубнинг айрим туманларида эса 19-23 кунни ташкил этди. Бу кўрсаткич кўп йиллик ўртача меъёрдан анча юқори бўлди.
Хоразм, Бухоро, Навоий, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида ой давомида июл ойига хос қуруқ об-ҳаво сақланди.
Қорақалпоғистон, Тошкент, Сирдарё вилоятлари, Фарғона водийси ҳудудлари, шунингдек, Самарқанд ва Жиззах вилоятларининг айрим жойларида айрим кунлари маҳаллий қисқа муддатли ёмғирлар ёғди.
Тошкент, Наманган ва Фарғона вилоятларининг тоғли ҳудудларида кучли ёмғирлар кузатилди. Айрим жойларда шамол тезлиги 15-20 м/с гача кучайди. 1-июл куни Нукусда, 19-июл куни эса Устюрт платосининг (Жаслиқ) айрим ҳудудларида шамол тезлиги 22-25 м/с гача етди. Айрим туманларда чанғ бўронлари ҳам қайд этилди.

