Жазирама чекинмоқда: янги ҳафта учун об-ҳаво маълумоти
Бу кунларда ҳаво бироз булутли, баъзи жойларда ўзгарувчан бўлиб, ёғингарчилик кутилмайди.

Жазирама иссиқ чекинмоқда: янги иш ҳафтаси учун об-ҳаво прогнози
Янги бошланган иш ҳафтаси учун об-ҳаво маълумоти эълон қилинди. Август ойининг бошланиши учун ғайриоддий иссиқ бўлган дам олиш кунларидан сўнг, Ўзбекистон бўйлаб ҳарорат бироз пасаяди.
Ушбу иш ҳафтаси давомида ҳаво ҳарорати 35-38 даражадан 32-35 даражагача ўзгариб туради. Фақат республиканинг энг жанубий ҳудудларида бугун кундузи ҳаво ҳарорати 40-43 даража, 4-7-август кунлари эса 38-40 даража атрофида бўлиши кутилмоқда.
Бу кунларда ҳаво бироз булутли, баъзи жойларда ўзгарувчан бўлиб, ёғингарчилик кутилмайди.
Фақат республиканинг тоғли ҳудудларида, шунингдек 4-август куни Фарғона водийсида айрим жойларда қисқа муддатли ёмғир ёғиши ва момақалдироқ бўлиши мумкин.
Тошкент вилояти, шунингдек Фарғона водийси вилоятларининг тоғ олди ва тоғли ҳудудларида сел-сув тошқин ҳодисалари юзага келиши эҳтимоли бор.
3-5-август кунлари республиканинг айрим жойларида шамол тезлиги 13-18 м/с гача кучайиши, баъзи жойларда чанг-тўзонлар билан кузатилиши мумкин.
Тошкент шаҳрида ёғингарчилик кутилмайди. Ҳаво ҳарорати 3 ва 6-7-август кунлари 35-38 даража, 4-5-август кунлари эса 33-35 даража бўлади. Кечалари ҳаво ҳарорати 20-23 даража атрофида бўлиши прогноз қилинмоқда. Шамол шарқдан 3-8 м/с тезликда эсади, вақти-вақти билан 10-12 м/с гача, 4-август куни эса 12-15 м/с гача кучаяди, шаҳарнинг айрим жойларида чанг-тўзонлар билан кузатилади.

