Ўзбекистонда ҳайвонларни идентификация қилиш тартиби ва ижтимоий тармоқлардаги фейк хабарларга изоҳ берилди

Ўзбекистонда ҳайвонларни идентификация қилиш тартиби юзасидан ижтимоий тармоқларда тарқалган ёлғон хабарларга расмий изоҳ берилди. Бу ҳақда Ўзбекистон ахборот агентлиги хабарига таяниб маълум қилинди.
2025-йил 6-августда қабул қилинган “Ҳайвонларни идентификация қилиш, рўйхатга олиш ва кузатиш тўғрисида”ги қонун атрофида пайдо бўлган турли талқинларга мутахассис муносабат билдирди. Хусусан, ижтимоий тармоқларда “паспорциз тўй бўлмайди” ёки “ҳайвонларга оила қуриш тақиқланади” каби асоссиз ва фейк хабарлар тарқалгани қайд этилди.
Ҳайвонларни идентификация қилиш, рўйхатга олиш ва кузатиш маркази бўлим бошлиғи Ғайрат Қўзибоевнинг таъкидлашича, қонуннинг асосий мақсади аҳолига қўшимча муаммолар туғдириш ёки жарима солиш эмас. Аксинча, унинг асосий вазифаси эпизоотик хавфсизликни таъминлаш ҳамда “фермадан дастурхонгача” тамойили асосида озиқ-овқат маҳсулотлари сифатини назорат қилишдан иборат.
Қонунга кўра, ҳайвонларни идентификация қилиш ва рўйхатга олиш учун қуйидаги муддатлар белгиланган:
* Қорамол, қўй, эчки ва туялар – туғилганидан 14 кун ўтгач;
* Чўчқалар – 1 ой ўтгач;
* Ит ва мушуклар – 3 ой ўтгач;
* Отлар – 4 ой ўтгач (белгиланган муддат тугаганидан кейин бир ойдан кечиктирмай).
Ушбу янги тизим орқали гўшт ва сут маҳсулотларининг келиб чиқиши, ҳайвонларнинг эмланганлиги ва соғлиғи ҳақида электрон маълумотлар базаси яратилади. Бу эса бозорда кекса ҳайвон гўштини ёш мол гўшти деб сотиш каби фирибгарликларнинг олдини олишга хизмат қилади.
Шунингдек, 2028-йил 1-январдан бошлаб идентификация қилинмаган ва рўйхатга олинмаган ҳайвонларни сақлаш ёки кўпайтиришга йўл қўймаслик ҳақидаги талаб тўлиқ кучга кириши таъкидланди.
Аввалроқ, идентификация қилиш воситаларига ҳайвоннинг идентификация рақамини ўз ичига олувчи, уни бошқа ҳайвонлардан ажратиш имконини берадиган визуал биркалар, электрон микрочиплар ва аралаш микрочипли биркалар кириши ҳақида хабар берилган эди.

