Маҳаллий

Ўзбекистонда 7-августдан уй ҳайвонларини рўйхатдан ўтказиш бошланади

Ўзбекистонда 2026-йил 7-августдан бошлаб уй ҳайвонларини рўйхатдан ўтказиш жараёни бошланади. Бу "Ҳайвонларни идентификация қилиш, рўйхатга олиш ва кузатиш тўғрисида"ги қонуннинг кучга кириши билан боғлиқ.

Ушбу қонун ҳайвонларга идентификация рақами беришни назарда тутади. Бу рақам орқали ҳайвоннинг ёши, жинси, ранги, зоти ва бошқа муҳим маълумотлари аниқланади. Идентификация натижасида олинган барча маълумотлар, шу жумладан берилган идентификация рақамлари ҳам электрон ахборот тизимига киритилади.

Қонунга кўра, ит ва мушуклар 3 ойликкача, қорамол, қўй, эчки ва туялар эса туғилганидан кейин 14 кун ичида ветеринария хизматида рўйхатдан ўтказилиши шарт. Агар белгиланган муддат ўтказиб юборилса, ҳайвонлар бир ойдан кечиктирмай рўйхатга олиниши лозим. Ўзбекистонга сақлаш ёки кўпайтириш мақсадида олиб кириладиган ҳайвонлар эса мамлакатга кирган санадан бошлаб 21 кун ичида идентификация қилиниши керак.

Идентификация воситалари орасида ҳайвоннинг идентификация рақамини ўз ичига олган визуал биркалар, электрон микрочиплар ва аралаш микрочипли биркалар мавжуд бўлиб, улар ҳайвонни бошқалардан ажратиш имконини беради.

Ҳайвонларни идентификация қилиш, рўйхатга олиш ва кузатиш билан боғлиқ харажатлар ҳайвон эгаларининг шахсий маблағлари, ҳомийлик хайриялари, давлат буджети маблағлари ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан қопланади.

2028-йил 1-январдан бошлаб идентификация қилинмаган ва рўйхатга олинмаган ҳайвонларни сақлаш ва кўпайтириш тақиқланади.

"Ҳайвонларни идентификация қилиш, рўйхатга олиш ва кузатиш тўғрисида"ги қонун лойиҳаси 2024-йил сентябрида Олий Мажлис Қонунчилик палатасида биринчи ўқишда қабул қилинган эди. 2025-йил февралида учинчи ўқишда қабул қилиниб, Сенатга юборилган. Сенатнинг 28-майдаги ялпи мажлисида ушбу қонун маъқулланган. Ниҳоят, 2025-йил 6-август куни қонун президент томонидан имзоланган.

uzbekistananimal welfareanimal registrationpet identificationanimal trackinganimal lawlivestock registrationmicrochipping