Ўзбекистонда 2030-йилгача хавфли чиқиндиларни қайта ишлаш даражаси 20 фоизга етказилади

Ўзбекистонда 2030-йилга бориб хавфли чиқиндиларни қайта ишлаш даражаси 20 фоизга етказилиши режалаштирилмоқда. Бу Президентнинг “Хавфли чиқиндиларни бошқариш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган.
Ҳужжатга кўра, тоғ-кон, металлургия, кимё саноати, нефт-газ ва электр энергетикаси корхоналарида ҳосил бўладиган радиоактив ҳамда И–ИВ хавфлилик синфига мансуб кимёвий хавфли чиқиндиларни қайта ишлаш ҳажмини ошириш, қайта ишланмайдиган чиқиндиларни эса хавфсиз ва минимал ҳажмда жойлаштириш асосий устувор йўналишлардан бири ҳисобланади.
Қарорга мувофиқ, 2027-йил 1-январдан бошлаб хавфли чиқиндиларни ҳосил қилувчи ташкилотлар экологик экспертиза хулосаси асосида Чиқиндиларни бошқариш ва сиркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлигининг ҳудудий бошқармалари билан келишилган йиллик режалар ишлаб чиқади. Бу режаларда чиқиндилар ҳажмини камайтириш, қайта ишлаш улушини ошириш ҳамда уларни фақат тегишли ваколат ва инфратузилмага эга ихтисослашган ташкилотларга зарарсизлантириш, утилизация қилиш ёки кўмиш учун топшириш чоралари кўзда тутилади. Тегишли инфратузилма ва ваколатга эга корхоналарга эса бу ишларни мустақил амалга оширишга рухсат берилади.
Шунингдек, 2026-йил 1-октябрдан бошлаб хавфли чиқиндиларни ҳосил қилувчи корхоналар йил якунлари бўйича статистик ҳисоботларни шакллантириб, агентликнинг ҳудудий бошқармаларига тақдим этади. Бундан ташқари, улар ҳар чорак якунида кейинги ойнинг 20-санасигача йиллик режа кўрсаткичлари ҳамда ҳосил бўлган чиқиндилар ҳажми ва уларнинг кейинги ҳаракати тўғрисидаги маълумотларни агентликнинг ахборот тизимига киритиб боради. Мазкур талаблар ижроси устидан назоратни Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ҳузуридаги Давлат экологик назорат инспексияси — Экополиция амалга оширади.
Қарор билан Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ҳузуридаги Чиқиндиларни бошқариш ва сиркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги таркибида Хавфли чиқиндиларни бошқариш дирексияси ташкил этилади. Шунингдек, Фанлар академияси Ядро физикаси институти ҳузуридаги Республика радиоактив чиқиндиларни сақлаш маркази агентлик тизимига ўтказилади.
Бундан ташқари, фойдаланишдан чиқарилган махсус обьектлар уларни экологик қайта тиклаш учун зарур маблағлар билан бирга Агентлик тасарруфига бепул ўтказилади. Дирексия учун алоҳида бюджетдан ташқари ғазна ҳисобрақами очилиб, маблағлар обьектларни рекултивация қилиш ва узоқ муддатли мониторингга йўналтирилади.
Қарорда хавфли чиқиндиларни бошқаришни рақамлаштиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси 2027-йил 1-январга қадар махсус ахборот тизимини ишга туширади. Тизим орқали И–ИИИ хавфлилик синфига мансуб чиқиндилар учун рақамли паспорт яратилади ҳамда уларнинг ҳосил бўлишидан утилизация қилинишигача бўлган жараён реал вақт режимида мониторинг қилинади.

