Иқтисодиёт

Ўзбекистон ва Қозоғистон 10-августдан бир қатор товарлар учун савдодаги тўсиқларни бекор қилади

Ўзбекистон ва Қозоғистон 10-августдан мева-сабзавот, дон маҳсулотлари, тўқимачилик, қурилиш материаллари, ускуналар ва мебел каби 19 та товар гуруҳи учун тариф ва нотариф чекловларни бекор қилишга келишди. ССП раиси Даврон Ваҳобов бу қарорни бизнеснинг кўп йиллик мурожаатларига жавоб деб атади.

Ўзбекистон ва Қозоғистон 10-августдан бошлаб бир қатор маҳсулотлар учун савдо чекловларини бекор қилади. Бу ҳақда 5-август куни Тошкентда бўлиб ўтган Ўзбекистон-Қозоғистон бизнес-форумида маълум қилинди.

Ўзбекистон Савдо-саноат палатасининг "Газета"га хабар беришича, бу қарор қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари, тўқимачилик, қурилиш материаллари, машиналар, электротехника маҳсулотлари, мебел ва бошқа товарларни ўз ичига олади.

Форумда таъкидланишича, савдодаги чекловлар яқинда Ақтау шаҳрида икки мамлакат бош вазирлари иштирокида ўтказилган Ўзбекистон-Қозоғистон ҳукуматлараро комиссияси йиғилишида муҳокама қилинган. Музокаралар натижасида томонлар бизнес ҳамжамияти илгари кўтарган тўсиқлар бўйича қарорлар қабул қилган.

Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳобовнинг сўзларига кўра, "Бизнес бу ҳақда анчадан бери гапираётган эди – бу муаммо эди... Бир ҳафта аввал 10-августдан бошлаб ўрнатилган барча тариф ва нотариф тўсиқлар бекор қилиниши маълум қилинди. Бу икки мамлакат тадбиркорлари учун катта туртки бўлишига ишонамиз".

Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги элчиси Ерлан Тургумбаевнинг маълум қилишича, қабул қилинган қарорлар қарийб 20 турдаги маҳсулотларга тааллуқли. Унинг таъкидлашича, "Бугунги кунда ўзаро муносабатларимиз жуда юқори суръатларда ривожланмоқда. Албатта, бу давлатларимиз раҳбарлари ўртасидаги ишончли, биродарона муносабатлар билан боғлиқ... Қарийб 20 турдаги товар бўйича бир ҳафта ичида тўсиқлар олиб ташланди. Менимча, бундай тезкор қарорлар илгари бўлмаган".

Элчининг сўзларига кўра, Қозоғистонда ҳам Ўзбекистонга 261 та товар позицияси бўйича етказиб бериш ҳажмини ошириш имкониятлари мавжуд.

Савдо-саноат палатаси маълумотларига кўра, қуйидаги товар гуруҳлари учун чекловлар бекор қилинади:

* 07: Янги ва совитилган сабзавотлар

* 08: Мевалар, резаворлар ва полиз маҳсулотлари

* 10: Донли экинларнинг айрим турлари

* 11: Донни қайта ишлаш маҳсулотлари

* 17: Шакар ва қандолат маҳсулотлари

* 19: Дондан тайёрланган маҳсулотлар

* 20: Қайта ишланган сабзавот ва мевалар

* 22: Алкоголсиз ичимликлар

* 39: Пластмасса буюмлари

* 52: Пахта ва пахта толаси

* 54−63: Тўқимачилик маҳсулотлари, матолар, кийим-кечак ва трикотаж

* 68: Қурилиш материаллари

* 69: Керамика маҳсулотлари

* 70: Шиша ва шиша буюмлари

* 73: Металл конструксиялар ва қора металлардан тайёрланган буюмлар

* 84: Машина ва ускуналар

* 85: Электротехника маҳсулотлари

* 87: Автокомпонентларнинг айрим турлари

* 94: Мебел

Савдо-саноат палатаси ҳар бир товар гуруҳи бўйича айнан қандай чекловлар амал қилгани ва уларнинг икки мамлакат томонидан бир вақтнинг ўзида бекор қилиниши ёки қилинмаслигига аниқлик киритмади.

Қозоғистоннинг "Атамекен" Миллий тадбиркорлар палатаси президиуми раиси Канат Шарлапаев ўзаро савдодаги тўсиқларни бартараф этиш ишларини доимий форматга ўтказиш зарурлигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, "Логистикадаги зиддиятлар ҳал қилиниши лозим бўлган йўналишлар бор. Чегарада ҳам, ўзингиз биласиз, муаммолар мавжуд – буни инкор этмаймиз, уларни ҳал қилиш керак. Бу узоқ муддатли ҳамкорликнинг бошланиши".

2025-йил якунларига кўра, Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 11 фоизга ўсиб, қарийб 5 млрд долларга етган. Икки мамлакат президентлари товар айирбошлаш ҳажмини 10 млрд долларга етказиш вазифасини қўйган.

Канат Шарлапаевнинг фикрича, "10 млрд долларлик кўрсаткич 5 млн долларлик шартнома, 1 млн долларлик шартнома ва ҳар кунлик меҳнатдан шаклланади. Биз 10 млрд долларлик товар айирбошлашга сиёсий баёнотлар орқали эмас, балки мамлакатларимиз ўртасидаги ҳар кунлик иш орқали эришишимиз керак".

Эслатиб ўтамиз, 2024-йил январ ойида Ўзбекистон ва Қозоғистон икки томонлама савдодаги тўсиқларни бартараф этиш бўйича ищи гуруҳ тузишга келишиб олган эди.

uzbekistantradeeconomykazakhstanbusiness forumtrade barrierstariffnon-tariff