Ўзбекистон ИТ-гигантларни жалб қилиш учун янги ҳуқуқий режим жорий этади
Ўзбекистонда йирик хорижий ИТ-компаниялар ва инвесторларни жалб қилишга қаратилган янги ҳуқуқий режим жорий этилади. Энтерприсе Узбекистан Рақамли технологиялар халқаро маркази учун инглиз ҳуқуқи тамойиллари асосида махсус ҳуқуқий муҳит, мослашувчан солиқ ва божхона режими ҳамда инвестиция ва интеллектуал мулкни ҳимоя қилиш кафолатлари яратилади.

Ўзбекистон йирик ИТ-компанияларни мамлакатга жалб этиш мақсадида янги ҳуқуқий тартиботни жорий қилмоқда.
Олий Мажлис Сенатининг 18-пленар мажлисида “Рақамли технологиялар халқаро маркази тўғрисида”ги конституциявий қонун маъқулланди.
Сенат матбуот хизматининг хабар беришича, ушбу қонун лойиҳаси аввал Сенатнинг 17-пленар мажлисида кўриб чиқилган ва уни такомиллаштириш бўйича таклифлар билан Қонунчилик палатасига қайтарилган эди. Кейинчалик, сенаторлар ва депутатлардан иборат келишув комиссияси манфаатдор давлат органлари ва ташкилотлари вакиллари иштирокида ҳужжатни қайта ишлаб чиққан.
Мазкур конституциявий қонун ИТ-парк ҳудудида фаолият юритувчи Энтерприсе Узбекистан Рақамли технологиялар халқаро маркази учун инглиз ҳуқуқи тамойилларига асосланган ҳуқуқий асос яратади.
Қонунга кўра, Марказни ташкил этиш, унинг фаолиятини йўлга қўйиш ва чегараларини ўзгартириш, стратегик бошқарувни амалга ошириш ҳамда асосий мансабдор шахсларни тайинлаш Ўзбекистон Президентининг тегишли фармон ва қарорлари асосида амалга оширилади.
Шунингдек, Марказда мослашувчан солиқ ва божхона режими жорий этилиши, айрим фаолият турларини солиқлардан озод қилиш, асбоб-ускуналар, технологиялар ва материалларни олиб кириш тартибини соддалаштириш кўзда тутилган.
Марказ иштирокчиларини рўйхатдан ўтказиш ва бошқариш учун “ягона дарча” механизми ташкил этилади. Шу билан бирга, интеллектуал мулк ва инвестицияларни ҳимоя қилиш бўйича қўшимча кафолатлар жорий этилади.
Кутилишича, Марказ фаолияти мамлакатнинг рақамли хизматлар экспортини 2030-йилга бориб 5 миллиард АҚШ долларига етказишга хизмат қилади. Шунингдек, иқтисодиётда 300 мингдан ортиқ янги юқори даромадли иш ўрни яратиш ва иқтидорли ёшларни Ўзбекистоннинг ўзида жаҳон стандартларига мос иш ҳақи билан таъминлаш учун шароит яратилиши режалаштирилган.
Қонуннинг қабул қилиниши хорижий инвесторларнинг мулкий ва интеллектуал ҳуқуқларини халқаро стандартлар асосида ҳимоя қилиш учун ҳуқуқий асос яратиши кутилмоқда. Бу эса Аппле, Гоогле, Мисрософт ва Амазон каби йирик трансмиллий ИТ-компанияларни Ўзбекистон бозорига тўғридан-тўғри жалб қилиш имкониятларини кенгайтириши мумкин.
Сенаторларнинг фикрича, янги ҳуқуқий режим ЯИМда ИТ-сектор улушини ошириш, рақамли соҳага тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар оқимини кўпайтириш, янги иш ўринлари яратиш ва ИТ-хизматлар экспортини кенгайтиришга хизмат қилади.

