Ўзбекистон 2027-йилги У-17 Осиё кубогига мезбонлик қилади

Ўзбекистон 2027-йилда ўтказиладиган У-17 Осиё кубогига мезбонлик қилиш ҳуқуқини қўлга киритди. Бу қарор Осиё футбол конфедерацияси (ОФК) Ижроия қўмитасининг сўнгги йиғилишида қабул қилинган муҳим қарорлардан бири бўлди. Бу ҳақда Ўзбекистон футбол ассоциацияси (ЎФА) маълум қилди.
Йиғилишда, шунингдек, 2029-йилги У-17 Осиё кубоги Саудия Арабистонида ўтказилиши тасдиқланди.
Бундан ташқари, 2028-йилги У-23 Осиё кубогига Япония мезбонлик қилиши белгиланди. Ушбу турнир 2028-йилда Лос-Анжелесда бўлиб ўтадиган ёзги Олимпия ўйинларига Осиё қитъасидан саралаш вазифасини бажаради.
ОФК Ижроия қўмитаси қитъа клублари мусобақалари ва ёшлар турнирлари регламентига бир қатор ўзгаришлар киритишни ҳам маъқуллади. Хусусан, 2026/27-йилги мавсумдан бошлаб АФС Чемпионлар Лигаси Элита мусобақаси янги, 32 жамоалик форматда ўтказилади. Шунингдек, У-20 Осиё кубоги саралаш тизимига ҳам бир қанча янгиликлар жорий этилади.

