Лайфстайл

«Ўргимчак одам: Янги кун» прокатда рекорд натижа кўрсатди

«Ўргимчак одам: Янги кун» филми илк дам олиш кунларида АҚШ ва Канадада 355 миллион доллар, бошқа мамлакатларда эса 572 миллион доллар даромад олди. Шу тариқа картина Шимолий Америкада йилнинг энг сердаромад премераси ва Ҳолливуд тарихидаги иккинчи энг муваффақиятли дебютга айланди.

«Ўргимчак одам: Янги кун» филми прокатда ажойиб натижаларни кўрсатди.

Шимолий Америка прокатида илк дам олиш кунларида 355 миллион доллар йиғиб, «Ўргимчак одам: Янги кун» Ҳолливуд тарихидаги иккинчи энг яхши дебют натижасини қайд этди. Реутерс агентлигининг хабар беришича, бу кўрсаткич филмни 2026 йилда АҚШ ва Канадада намойиш этилган энг даромадли премьерага айлантирган.

Картина халқаро бозорларда ҳам юқори натижаларга эришди. АҚШ ва Канададан ташқари мамлакатларда филмнинг касса тушуми 572 миллион долларга етди, шундан 121 миллион доллари Хитой прокатига тўғри келади. Умуман олганда, филм илк уикенднинг ўзида дунё бўйича 927 миллион доллар даромад тўплади.

Шу билан бирга, «Ўргимчак одам: Янги кун» Шимолий Америкада коронавирус пандемиясидан кейинги даврда энг юқори касса тушумини қайд этган филм бўлди. АҚШ ва Канада прокатлари тарихидаги энг муваффақиятли дебют сифатида эса 2019 йилда намойиш этилган «Қасоскорлар: Интиҳо» филми қолмоқда. Том Ҳолланд бош қаҳрамон ролини ижро этган янги «Ўргимчак одам» ушбу рекорддан атиги 2 миллион доллар ортда қолди.

Филм суперқаҳрамонлар ҳақидаги картиналарга глобал аудитория қизиқиши пасайиб бораётгани ҳақидаги фикрларга қарамай, катта муваффақиятга эришди. Ўргимчак одам Марвел комикслари оламининг энг машҳур қаҳрамонларидан бири ҳисобланади. Реутерс қайд этишича, мазкур персонаж суперқаҳрамонлар жанрига нисбатан муайян чарчоқ кузатилаётган шароитда ҳам томошабинлар учун жозибадорлигини сақлаб қолмоқда.

«Ўргимчак одам: Янги кун» Том Ҳолланднинг 2016 йилдан буён мазкур қаҳрамон образида тўртинчи бор пайдо бўлиши бўлди. Янги филм сюжети бош қаҳрамоннинг ёлғизлик ҳисси ва бошқа инсонлар билан яқин муносабат ўрнатишга бўлган интилишига асосланган. Агентликка кўра, айнан шу руҳий ва инсоний мавзулар кинотанқидчилар ҳамда жаҳон аудиторияси томонидан ижобий қабул қилинган.

tom hollandmarvel"o'rgimchak odam: yangi kun"film rekordiprokat natijalarisuperqahramon filmlarikino yangiliklarikassa tushumi