Лайфстайл

Олимлар инсоннинг кўрадиган тушлари нимага боғлиқлигини аниқлади

Олимлар инсон тушларининг сабабларини аниқлади

Баъзи тушлар нима учун ёрқин ва ҳаётий, бошқалари эса хира ва парча-парча бўлишининг сири очилди. Италиянинг Лукка шаҳридаги ИМТ олий мактаби олимлари тушлар тасодифий эмас, балки инсоннинг шахсий хусусиятлари ва ҳаётидаги воқеалар билан боғлиқ эканлигини аниқладилар.

Тадқиқот доирасида 18 ёшдан 70 ёшгача бўлган 287 нафар иштирокчининг 3 700 дан ортиқ тушлари ва кундузги кечинмалари таҳлил қилинди. Икки ҳафта давомида қатнащилар ҳар куни ўз тушларини ва кундузги муҳим воқеаларни ёзиб бордилар. Олимлар эса шу билан бирга уларнинг уйқу режими, когнитив қобилиятлари ва психологик ҳолатини ўргандилар.

Маълумотларни қайта ишлашда сунъий интеллект қўлланилди. У тушларнинг характери ва шахсият хусусиятлари ўртасидаги боғлиқликни аниқлади. Масалан, хаёлпараст одамлар парча-парча ва тез ўзгарувчан сюжетли тушлар кўриши, тушларга катта аҳамият берадиган инсонларнинг тушлари эса мазмунан бой ва ҳиссий жиҳатдан барқарор бўлиши маълум бўлди.

Кундузги қайдлар ва тушлар тавсифи солиштирилганда, мия реалликни шунчаки нусхаламаслиги, балки уни қайта ишлаб, ўзгартириши аниқланди. Ишхона, шифохона ёки мактаб каби таниш жойлар тушда турли элементлар аралашиб кетган ва кутилмаган кўринишдаги саҳналарга айланади.

Олимлар, шунингдек, йирик воқеаларнинг тушларга таъсирини ҳам ўргандилар. СОВИД-19 карантини даврида тўпланган маълумотлар ушбу босқичда тушлар янада кескинлашганини ва уларда чекловлар мавзуси кўп учраганини кўрсатди. Вақт ўтиб, одамлар вазиятга мослашгач, ушбу мотивлар йўқолган. Бу тушлар мазмуни ҳаётдаги катта ўзгаришларга нисбатан билдириладиган психологик реаксия билан бирга ўзгаришидан далолат беради.

“Натижаларимиз шуни кўрсатадики, тушлар шунчаки ўтмишдаги тажрибанинг акси эмас, балки биз ким эканлигимиз ва нимани бошдан кечираётганимиз асосида шаклланадиган динамик жараёндир”, дейди ИМТ олий мактаби тадқиқотчиси Валентина Элче.

psixologiyatushlartushlar mazmuniinson xususiyatlarihayotiy voqealarcoviduyqu tadqiqotlarisun'iy intellekt