Лайфстайл

Тадқиқотчилар қашшоқлик мия қаришини тезлаштиришини аниқлади

Тадқиқотчиларнинг топилмаларига кўра, қашшоқлик миянинг қариш жараёнини тезлаштириши мумкин. Лондон Университет коллежи олимлари "Инноватион ин Агинг" журналида эълон қилинган тадқиқотда шундай хулосага келишди.

Олимлар "Саломатлик ва ривожланиш миллий тадқиқоти" доирасида умр бўйи анкеталарни тўлдириб келган 2759 нафар британияликнинг маълумотларини таҳлил қилдилар. Улар шуни аниқладиларки, вояга етганида доимий молиявий қийинчиликларга дуч келган ёки доимий паст даромадга эга бўлган шахслар 53 ёшга келиб когнитив тестларда ёмонроқ натижалар кўрсатган.

Тадқиқот иштирокчиларининг бир қисми мия сканеридан ҳам ўтказилди. Олимлар узоқ вақт кам даромад билан яшаган кишиларда кексаликда (69 ёшдан 71 ёшгача) мия саломатлигининг ёмонлашгани, хусусан, унинг ҳажми кичрайгани кузатилганини аниқладилар. Бу боғлиқлик ҳатто болаликдаги когнитив қобилиятлар, маълумот даражаси ва носоғлом оилавий муҳит каби натижаларга таъсир қилиши мумкин бўлган омиллар ҳисобга олингандан кейин ҳам сақланиб қолган.

Тадқиқотчилар молиявий қийинчиликлар мия қаришига олиб келиши мумкин бўлган бир нечта сабабни аниқладилар. Улардан бири сурункали стресс келтириб чиқарадиган яллиғланиш жараёнларидир. Пул ҳақидаги доимий хавотирлар ҳам когнитив юкламани ошириб, одамларда бошқа ақлий вазифаларни бажариш учун ресурсларни камайтириши мумкин.

Молиявий қийинчиликлар ва миянинг тез қариши ўртасидаги боғлиқлик бир неча гуруҳ одамларда, хусусан, эркакларда, болалигида ноқулай шароитда ўсганларда ҳамда Алсгеймер касаллигига мойиллиги бўлганларда айниқса кучли намоён бўлган.

Олимлар эркаклар ва аёллар ўртасидаги фарқни ночор аҳволдаги эркаклар орасида зарарли одатлар (чекиш ва спиртли ичимликларни суиистеъмол қилиш) кўпроқ тарқалгани билан изоҳлайдилар. Яна бир сабаб шуки, тадқиқот иштирокчилари Иккинчи жаҳон урушидан кейинги даврда туғилган ва оиланинг асосий боқувчиси бўлишган.

salomatliktadqiqotstressqashshoqlikmiya qarishimoliyaviy qiyinchiliklarkognitiv qobiliyatalsgeymer kasalligi