ОКМКнинг соф фойдаси биринчи ярим йилликда қарийб икки баробар ошди
ОКМК 2026 йил биринчи ярим йиллигида соф фойдасини 8,7 триллион сўмга етказди. Экспорт ўсди, қарз юки камайди, ИПО эса 2027 йилга режалаштирилган.

ОКМКнинг соф фойдаси биринчи ярим йилликда қарийб икки баробар ошди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Олмалиқ кон-металлургия комбинати (ОКМК) 2026-йилнинг дастлабки олти ойи якунларига кўра, экспорт ҳажмининг ўсиши, операцион самарадорликнинг ошиши ва қарз юкининг камайиши натижасида соф фойдасини деярли икки баробарга оширди.
Компаниянинг молиявий ҳисоботига кўра, соф фойда ўтган йилнинг шу давридаги 4,4 триллион сўмдан 8,7 триллион сўмга етган. Тушум эса 39,8 фоизга ўсиб, 30,2 триллион сўмни ташкил этди.
Комбинатнинг ялпи фойдаси 58 фоизга ошиб, 13,1 триллион сўмдан 20,7 триллион сўмга етди. Ижобий валюта курслари фарқидан олинган даромадлар 45,5 фоизга ошиб, 2,3 триллион сўмга етган. Шу билан бирга, салбий валюта курслари фарқидан кўрилган зарарлар 16,2 фоизга қисқариб, 2,4 триллион сўмни ташкил этди.
Молиявий натижаларнинг яхшиланишидаги асосий омиллардан бири экспорт фаолиятининг кенгайиши бўлди. Январ-июн ойларида экспорт ҳажми икки баравардан ортиқ ўсиб, 239,3 миллион доллардан 493,4 миллион долларга етди.
Компания қарз юкини камайтиришни ҳам давом эттирди. Узоқ муддатли кредитлар ва қарзлар ярим йил давомида 4,7 триллион сўмга қисқариб, 24,1 триллион сўмни ташкил қилди. Қисқа муддатли мажбуриятлар эса 3,6 триллион сўмга камайиб, 2,3 триллион сўмга тушди.
Шу билан бирга, ОКМК йирик инвестиция дастурини амалга оширмоқда. Корхона матбуот хизмати маълум қилишича, 2026-йилда умумий қиймати 294,6 миллион доллар бўлган еттита йирик инвестиция лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилган. Биринчи олти ой давомида 142,8 миллион долларлик инвестициялар ўзлаштирилди.
Бундан ташқари, жорий йилда умумий қиймати 1,51 триллион сўм бўлган 40 та лойиҳани амалга ошириш кўзда тутилган. Биринчи ярим йиллик якунларига кўра, шулардан 35 таси якунланган, маҳаллийлаштирилган маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажми эса 649,8 миллиард сўмга етган.
Январ-июн ойларида ОКМК давлат бюджетига 16 триллион сўм маблағ ўтказди.
Олмалиқ кон-металлургия комбинати хусусийлаштиришга тайёрланаётган энг йирик давлат активларидан бири бўлиб қолмоқда.
Давлат иштирокидаги корхоналарни хусусийлаштириш тўғрисидаги Президент қарорига мувофиқ, компаниянинг ИПОси 2027-йилнинг биринчи ярим йиллигига режалаштирилган. Фонд бозорида корхона аксияларининг 10-15 фоизи жойлаштирилиши кўзда тутилган.

