“Ўзбекнефтгаз” ярим йиллик якунлари: фойда ўсиши ортидаги омиллар ва иккинчи ярим йилликдаги асосий синовлар
Биринчи ярим йилликда фойдани икки баробардан зиёд оширган, қарз юкини камайтирган ва ишлаб чиқариш режаларини ортиғи билан бажарган “Ўзбекнефтгаз” энди иккинчи ярим йилликда янада катта марраларни кўзламоқда. Компания тарихий геология-қидирув дастури, рекорд даражадаги 3Д сейсмика ишлари, янги бурғилаш дастгоҳлари ва аввалгидан икки баробар кўп қудуқлар бурғилаш орқали газ қазиб олиш барқарорлигини таъминлашга киришмоқда.

**"Ўзбекнефтгаз"нинг ярим йиллик натижалари: Фойда ўсиши сабаблари ва иккинчи ярмидаги асосий чорловлар**
"Ўзбекнефтгаз" АЖ 2026-йилнинг биринчи ярмидаги фаолияти бўйича эълон қилган натижалар компанияда молиявий интизом, харажатларни қисқартириш ва активлардан самарали фойдаланиш борасида сезиларли ўзгаришлар юз берганини кўрсатмоқда. Соф фойданинг ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 110 фоизга ошиши нафақат ишлаб чиқариш кўрсаткичлари, балки бошқарув қарорларининг самарадорлиги билан ҳам боғлиқ.
**Молиявий натижалар: Ўсиш манбалари**
Ҳисобот даврида товар маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 25,3 триллион сўмни ташкил этиб, ўсиш суръати 106 фоизга етди. Экспорт ҳажми 438 миллион долларни, ўзлаштирилган инвестициялар эса 475 миллион долларни ташкил этди. Бу рақамлар компаниянинг ярим йиллик натижалари асосан ишлаб чиқариш ҳажмлари ва ташқи бозор фаоллиги ҳисобига қўллаб-қувватланганини кўрсатади.
Шу билан бирга, фойда ўсишида харажатларни қайта кўриб чиқиш ва молиявий ресурсларни мақсадли йўналтириш муҳим омил бўлди. Компанияда режалаштириш, харажатлар таҳлили ва ички назорат механизмларининг кучайтирилиши самарасиз сарфларни камайтиришга имкон берди.
**Активлар самарадорлиги: Зарарли йўналишлар фойда манбаига айланмоқда**
Таҳлил нуқтаи назаридан эътиборга молик жиҳатлардан бири – илгари паст самарадорлик билан ишлаган айрим активларда ижобий динамика кузатилганидир. "Узбекистан ГТЛ" заводида қувватлардан фойдаланиш даражаси 100 фоизга етказилди. Бу заводнинг барқарор ишлаши компания учун юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқаришда муҳим аҳамиятга эга.
АЁҚШлар ва нефт базалари мисолида ҳам бошқарув самарадорлиги ошганини кўриш мумкин. Илгари зарар билан ишлаган АЁҚШларда кунлик сотув ҳажми 700 минг литргача ошди. Ўтган йили 14 та нефт базаси 36 миллиард сўм зарар билан ишлаган бўлса, жорий йилнинг биринчи ярмида уларнинг 11 таси 12,3 миллиард сўм фойдага чиқди.
Тайёр маҳсулотларни бозор тамойиллари асосида сотишга ўтиш ҳам даромад базасини кенгайтирди. Суюлтирилган газ ва олтингугурт реализацияси механизмлари қайта кўриб чиқилиши натижасида қўшимча 450 миллиард сўм даромад олинди. Бу компания учун нарх шаклланиши ва сотув сиёсатини бозор талабларига яқинлаштириш орқали қўшимча имкониятлар очилишини англатади.
**Қарз юки ва харажатлар: Молиявий барқарорликка таъсир**
Компаниянинг молиявий барқарорлигига таъсир қилган яна бир омил – юқори фоизли кредитларни қайта молиялаштиришдир. 385 миллион долларлик кредитлар бўйича фоиз ставкалари 9,5–12 фоиздан 5,5–7,5 фоизгача пасайтирилди. Бунинг натижасида 219 миллиард сўм фоиз харажатлари иқтисод қилинди.
Кредит портфелининг йил бошидаги 4,2 миллиард доллардан 3,9 миллиард долларгача қисқариши қарз юкини босқичма-босқич камайтиришга қаратилган сиёсат олиб борилаётганини кўрсатади. Харажатларни оптималлаштириш дастури доирасида 1,2 триллион сўм маблағ тежалгани эса операцион самарадорлик молиявий натижаларга бевосита таъсир қилаётганини тасдиқлайди.
Шу билан бирга, бюджет ва мақсадли жамғармаларга 4,1 триллион сўм тўлов амалга оширилди. Ички захиралардан фойдаланиш, жумладан, ҳарбийлаштирилган қўриқлаш хизматини ташкил этиш ҳисобига 304 миллиард сўм иқтисодий самарага эришилгани компаниянинг ички ресурслардан фойдаланиш имкониятлари ҳали ҳам катта эканини кўрсатади.
**Ишлаб чиқариш: Режалар бажарилган, аммо хавфлар сақланиб қолмоқда**
Ҳисобот даврида асосий маҳсулотлар бўйича режа кўрсаткичлари асосан бажарилди. Жумладан, автобензин (режа 100%, ўсиш 100,8%), дизел (режа 128,0%, ўсиш 201,0%), авиакеросин (режа 100,0%, ўсиш 123,6%), суюлтирилган газ (режа 119,0%, ўсиш 99,2%), полиетилен (режа 100,0%) ишлаб чиқаришда белгиланган вазифалар ижро этилгани ички бозор барқарорлиги ва экспорт имкониятлари учун муҳим омил ҳисобланади.
Ярим йиллик ҳисобот йиғилишида Жамият Бошқарув раисининг қайд этишича, авариявий тўхталишлар кўпайгани ишлаб чиқариш барқарорлиги учун жиддий сигнал ҳисобланади. Бундай ҳолатлар нафақат режа кўрсаткичларига, балки маҳсулот таннархи, етказиб бериш занжири ва молиявий натижаларга ҳам таъсир қилиши мумкин. Шу боис профилактика, техник хизмат кўрсатиш ва хавфларни бошқариш тизимини кучайтириш иккинчи ярим йилликда асосий вазифалардан бири бўлишини қайд этади А.Сангинов.
**Иккинчи ярим йиллик: Ўсишни сақлаб қолиш учун нималар муҳим?**
Иккинчи ярим йилликда компания учун асосий масала – эришилган молиявий натижаларни барқарор сақлаб қолишдир. Бунинг учун ишлаб чиқариш қувватларидан тўлиқ ва хавфсиз фойдаланиш, мавжуд активлар самарадорлигини ошириш ҳамда харажатларни назорат қилиш тизимини изчил давом эттириш талаб этилади.
Геология-қидирув йўналишидаги режалар ҳам келгуси ўсиш учун муҳим аҳамиятга эга. Бунинг учун Жамият тарихида илк бор бир йилнинг ўзида геология-қидирув йўналишида йил давомида 12 минг кв км 3Д сейсмика ишлари (ўтган йилга нисбатан 4,7 баробарга кўп), 221 та геологик техник тадбир (1,8 баробарга кўп), 120 та қудуқ бурғилаш (2,2 баробарга кўп ёки 2-ярим йилликда 81 та), 54 та қудуқ таъмирлаш (1,4 баробарга кўп ёки 2-ярим йилликда 36 та) ва 47 та технологик тадбир (1,7 баробарга кўп ёки 2-ярим йилликда 23 та)ни амалга ошириш режалаштирилган.
2026-йил якунига қадар 1 100 минг тонна автобензин (режа 106,8%, ўсиш 106,7%), 983,1 минг тонна дизел (режа 156,8%, ўсиш 233,7%), 310,0 минг тонна авиакеросин (режа 129,3%, ўсиш 152,3%), 606 минг тонна суюлтирилган газ (режа 118,8%, ўсиш 100,0%), 137,2 минг тонна полиетилен (режа 100%, ўсиш 100,3%) ишлаб чиқариш режаси белгиланган. Бу кўрсаткичларга эришиш ишлаб чиқариш интизоми, ресурслар таъминоти ва техник барқарорликка бевосита боғлиқ бўлади.
Қудуқларни бурғилаш ишларини жадаллаштириш учун 9 минг метргача бурғилай оладиган 21 та замонавий дастгоҳни харид қилиш режалаштирилган. Агар бу режа ўз вақтида амалга ошса, қудуқлар қурилиши муддатини қисқартириш ва бурғилаш ишлари қийматини пасайтириш имкони пайдо бўлади.
Бу – нафақат рақам, балки қазиб чиқариш барқарорлигини таъминлашга қаратилган мутлақо янги суръат ва янги ёндашувдир. Мазкур дастурни амалга ошириш учун 9 минг метргача бурғилай оладиган 21 та замонавий бурғилаш дастгоҳи харид қилиниб, қудуқларни қуриш муддати сезиларли қисқартирилади ҳамда бурғилаш ишларида қиймат пасаяди. Бироқ бу жараёнлар моддий-техника ресурслари таъминотига ҳам боғлиқ. Шу сабабли 45 турдаги муҳим ресурсларни етказиб беришни жадаллаштириш вазифаси ишлаб чиқариш узлуксизлигини таъминлашда ҳал қилувчи аҳамият касб этади.
**Ижтимоий омил: Кадрлар шароити ҳам самарадорликка таъсир қилади**
Йиғилишда ходимлар учун меҳнат ва яшаш шароитларини яхшилаш масаласига ҳам эътибор қаратилган. Барча ищилар ётоқхоналарини таъмирлаш ҳамда Газли нефт ва газ қазиб чиқариш бошқармасида 160 ўринли замонавий ётоқхона қурилишини жадаллаштириш вазифаси қўйилган. Бу йўналиш ишлаб чиқариш самарадорлигига бевосита таъсир қилувчи инсон омили билан боғлиқ.
Ярим йиллик натижалар "Ўзбекнефтгаз"да молиявий бошқарув ва операцион самарадорлик бўйича ижобий силжишлар борлигини кўрсатади. Ҳисобот йиғилишида А.Сангиновнинг таъкидлашича, кейинги босқичда компания учун асосий вазифа фақат фойда ўсишини қайд этиш эмас, балки уни барқарор тенденсияга айлантиришдан иборат бўлади. Бу эса ишлаб чиқариш хавфларини камайтириш, инвестицион режаларни ўз вақтида амалга ошириш ва бозор механизмларидан янада самарали фойдаланишга боғлиқ.

