Спорт

ОФК Элит ОЧЛ мусобақасининг кейинги 3 та финали мезбонлигини Саудия Арабистонига берди

ОФК Элит ОЧЛнинг кейинги учта финалига Саудия Арабистони мезбонлик қилади

Осиё Футбол Конфедерацияси (ОФК) Ижроия қўмитаси Осиёнинг энг нуфузли клублар мусобақаси – Элит Осиё Чемпионлар Лигаси (Элит ОЧЛ)нинг навбатдаги уч мавсум финал босқичларини ўтказиш ҳуқуқини расман Саудия Арабистонига берди.

2024/2025-йилги мавсум олдидан мусобақа тизими тубдан ўзгартирилган бўлиб, унинг ҳал қилувчи ўйинлари (чорак финал, ярим финал ва финал) битта марказлашган давлатда ўтказилиши белгиланган эди. Дастлабки иккита синов ҳам айнан Саудия Арабистонида бўлиб ўтди.

Қизиқарли жиҳати шундаки, Жидда шаҳри мезбонлик қилган ҳар иккала мавсумда ҳам маҳаллий “Ал-Аҳли” клуби ғолиб бўлди. Жамоа 2025-йилда Япониянинг “Кавасаки Фронтале” клубини мағлуб этган бўлса, шу йилнинг май ойида бўлиб ўтган ҳал қилувчи финалда яна бир япон клуби – “Мачида Зелвия”ни қўшимча бўлимларда 1:0 ҳисобида енгиб, кетма-кет иккинчи бор чемпионликни қўлга киритди.

Қитъанинг етакчи чемпионатлари ғолибларини ўзида жамлайдиган келгуси мавсумдан бошлаб лига босқичида жамоалар сони кенгайтирилади. Эндиликда мусобақада 24 та эмас, балки 32 та клуб иштирок этади.

Янги мавсум тақвими қуйидагича белгиланган:

Саралаш ўйинлари старти: 11-август

Лига босқичига қуръа ташлаш (Куала-Лумпур): 18-август

Асосий босқич ўйинлари бошланиши: 14-сентабр

Маълумот учун, Элит Осиё Чемпионлар Лигаси турнирининг 2026/2027-йилги мавсумида Ўзбекистон шарафини Фарғонанинг “Нефтчи” клуби ҳимоя қилади. Тошкентнинг “Пахтакор” жамоаси эса ўз юришини саралаш босқичидан бошлайди. Агар “шерлар” ундан муваффақиятли ўца, улар ҳам мусобақанинг асосий босқичига йўлланма олади.

footballneftchisaudi arabiaafc champions league elitehosting rightstournament formatuzbek clubspakhtakor