“Одамлар суддан қўрқмаслиги керак”: Чисаго Бар Фоундатионъдаги илк ўзбекистонлик Гўзал Абдуахатова

**"Одамлар суддан қўрқмаслиги керак": Чисаго Бар Фоундатионъдаги илк ўзбекистонлик Гўзал Абдуахатова**
Гўзал Абдуахатованинг Америкадаги академик фаолиятида эътиборга молик жиҳат шундаки, у Чисаго Бар Фоундатион (СБФ)да амалиёт ўтаган биринчи ўзбекистонлик талаба бўлди. СБФ Чикаго юридик ҳамжамиятининг хайрия ташкилоти бўлиб, қийин аҳволдаги инсонларга адолатли юридик ёрдам олишда бепул кўмак беради. Қайд этиш жоизки, Гўзалнинг инсонларга бепул ҳуқуқий ёрдам бериш борасидаги тажрибаси анча олдин, Ўзбекистонда бошланган.
Суҳбат давомида у америкалик ва ўзбекистонликларга юридик ёрдам кўрсатиш жараёни, шунингдек, Ўзбекистондаги ҳуқуқ тизими учун инновацион таклифлари ҳақида сўзлаб берди.
**Бошланиш нуқтаси**
"Болалигимдан оилам ҳар доим танловларим ва қизиқишларимни қўллаб-қувватлаган. Ўз соҳам ва қўшимча машғулотларимни эркин танлашимга имкон беришган. Билим олиш доим рағбатлантирилган, ҳатто энг кичик ютуқларимиз ҳам нишонланган. Ота-онам менга инъом этган мана шу танлов эркинлиги катта ҳаётда ўз йўлимни топишимда муҳим рол ўйнаган, деб ўйлайман," — дейди Гўзал.
Мактаб даврини асосан фан олимпиадалари билан эслайди. Айнан олимпиадалар унда интилувчанлик ва курашувчанликни шакллантирган. У шаҳар босқичигача чиқиб, доим иккинчи ўринни эгаллаган. Бу ҳам ёмон натижа эмас эди, аммо у биринчиликни истаган. Олимпиададан сўнг уйга қайтиб йиғлаганлари ҳамон ёдида. Бу ҳолат уч йил такрорланган, ниҳоят 9-синфда, тўртинчи уринишда шаҳар босқичида биринчиликни эгаллаб, лицей/коллежга имтиёзли асосда кириш ҳуқуқини қўлга киритган. Бу уч йиллик мағлубият алами, қатъий мақсад ва шу мақсадга эришиш йўлидаги пўлат интизомнинг маҳсули эди.
Оиласи билан маслаҳатлашиб, юридик лицейни танлаган. Ҳуқуқ соҳасига қизиқиш шу даргоҳда бошланган, энди у ўз тасаввурида халқаро даражадаги бўлажак юрист ёки дипломат сифатида гавдаланган. Бу ширин хаёллар уч йилдан сўнг уни Тошкент давлат юридик университетига етаклаб келган. "Биласизми, талаба бўлганимда 'тамом, олий мақсадимга эришдим, орзумдаги университетга кирдим', деб ўйлаганман. Олийгоҳ ҳаётида фаол қатнашиш, соҳанинг паст-у баландликлари билан танишиш асносида тушундимки, бу ҳали катта йўлнинг бошланиши экан," — дейди Гўзал.
**Илк тажриба**
Университетда дарсдан ташқари асосий вақти кутубхонада ўтган. Лекин у шунчаки "яхши ўқийдиган талаба" бўлишни истамаган. Унга амалиёт, кўпроқ амалиёт керак эди. Чунки қонунларни ёдлаш бошқа, уни амалда қўллаб, инсонларга манфаат келтириш бошқа.
Шу маънода, олийгоҳдаги икки лойиҳада иштирок этиш у учун катта қимматли тажриба бўлган. Биринчиси – "Стреет Лав" лойиҳаси бўлиб, унинг консепсиясига кўра, мактаб ўқувчиларига инсон ҳуқуқлари, конституциявий меъёрлар, коррупсияга қарши кураш, истеъмолчилар ҳуқуқлари ва гендер тенглиги каби кундалик ҳуқуқий тушунчаларни оддий ва тушунарли тилда тушунтириб боришган.
Иккинчи лойиҳа ТДЮ юридик клиникаси бўлиб, унда талабалар фуқароларга бепул ҳуқуқий ёрдам кўрсатган, уларнинг ариза ва юридик ҳужжатларини профессорлар назорати остида тайёрлашга кўмаклашган. "Мана шу жараёнда одамларга ёрдам бериш, уларнинг мушкулини енгиллатишдан ҳузурланишимни англадим. Кимнингдир ҳаётида кичкина бўлса ҳам ижобий ўзгариш қила олсам, мен учун мотивациянинг энг зўри шу," — дейди Гўзал.
Айнан шу даврда — адвокатга пул тўлай олмаган, ҳужжатларини қандай тўлдиришни билмаган, суд остонасида сарсон бўлганлар билан ишлаганида унда бир савол туғилган: нега оддий фуқаро учун адолат сари йўл бунчалик мураккаб ва машаққатли бўлиши керак? Бу саволга жавоб излай-излай уммон ортига — Америкага келиб қолган.
**Илк ўзбекистонлик**
2025-йил январида Иллинойс штатидаги Урбана-Чампаигн университети ҳуқуқ факултетининг магистратура дастурига қабул қилинган. "Эл-юрт умиди" жамғармаси стипендианти бўлгани учун ўқиш харажатларидан озод эди. Таҳсилнинг илк ойларидаёқ талабалар учун ёзги амалиёт дастурлари бўйича эълонлар берила бошлаган. Ўнлаб вариантлар орасида энг эътиборини тортгани Чисаго Бар Фоундатион (СБФ)нинг Суммер 2025 ЛЛМ Эхтерншип дастури бўлган. Чунки бу дастур ватанда бир неча йиллар давомида самимий иштиёқ билан шуғулланган иш — ўзини судда ҳимоя қилишга қийналаётган фуқароларга ёрдам беришнинг американча муқобили эди.
Рақобат жуда кучли бўлган, номзодлар орасида АҚШ фуқаролари ҳам, дунёнинг турли мамлакатларидан келган тажрибали ҳуқуқшунос талабалар ҳам бор эди. Аввалига имкониятларига бироз иккиланган. Лекин фуқароларнинг судга мурожаатини енгиллатиш бўйича АҚШ тажрибасини ўрганиш иштиёқи таваккал қилиб кўришга ундаган. Ва Ўзбекистонда тўпланган уч йиллик про боно (бепул ҳуқуқий ёрдам) тажрибаси ўз сўзини айтган — танловда ғолиб бўлиб, мазкур дастурнинг ўзбекистонлик илк иштирокчисига айланган.
2025-йил июн—август ойларида давом этган амалиёт икки асосий йўналишда кечган. Биринчи йўналишда АҚШ штатларидаги суд транскрипсияси ва таржима амалиётлари бўйича кенг қамровли ҳуқуқий-сиёсий тадқиқот олиб борган; 50 дан ортиқ штатнинг сунъий идрок асосидаги транскрипсия тизимларини ўзаро солиштириб, олинган хулосалар асосида Кук (Соок) округи судларида СИ транскрипсиясини жорий этиш бўйича амалий таклифлар тайёрлаган.
Иккинчи йўналиш одамлар билан бевосита мулоқотдан иборат эди. Ҳафтада икки кун Ричард Ж. Далей маркази Кук округ суди қошидаги Адвокациз фуқаролар учун ресурс марказида фаолият юритган. Бу ерда адвокат ёллашга имконияти бўлмаган фуқароларга уй-жойдан чиқариш, ажрим, болалар васийлиги ва ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш каби мураккаб оилавий ва фуқаролик ишлари бўйича суд ҳужжатларини тўлдиришда бевосита кўмаклашган.
"Бу амалиёт менга бир нарсани жуда аниқ англатди: одам судга келганида кўпинча қўрқув ва саросимада бўлади, чунки мураккаб тизимни тушунмайди. Мутахассиснинг вазифаси шунчаки бланкани тўлдириб бериш эмас, балки фуқарога 'сиз бу муаммони енгиб ўта оласиз' деган ишончни бағишлашдир," — дейди Гўзал.
Шу билан бирга, Кук округи судялари, Чикаго Адвокатлар ассоциацияси президенти ва бошқа нуфузли ҳуқуқшунослар билан мулоқот АҚШда одил судловга мурожаат экотизимини яхлит ва чуқур англаш имконини берган.
Тадқиқот ва Далей марказидаги жонли мулоқот бир-бирини тўлдириб борган. Бир томонда қонун матнлари ва штатлараро қиёсий тадқиқотлар, иккинчи томонда худди шу қонунларнинг реал ҳаётдаги акси — фарзандининг васийлиги учун курашаётган она ёки уй-жой низоларида ўз ҳуқуқини билмай қийналаётган инсонни кўрган. Назария ва амалиёт уйғунлиги унга ҳуқуқ соҳаси нафақат қоғозлар ва моддалар, балки инсонлар тақдири билан боғлиқлигини ҳар куни эслатиб турган.
СБФъдаги амалиётни муваффақиятли якунлаб, Урбана-Чампаигнга қайтган. Кузги семестр арафасида университетдаги Студент Легал Сервисесънинг амалиёт дастури бўйича эълонга кўзи тушган. Бу ташкилот университет талабаларига ижара шартномалари, уй-жой муаммолари ва йўл ҳаракати қоидабузарликлари бўйича бепул ҳуқуқий ёрдам мезонлари бўйича Шампейн (Чампаигн) округи судлари билан тўғридан-тўғри ишлайди. Далей марказида тўплаган тажрибаси қўл келиб, бу дастурга ҳам қабул қилинган. Натижада Иллинойс штатининг икки йирик округи — Кук ва Шампейн суд тизимини ичидан ўрганган биринчи ўзбекистонликка айланиш насиб қилган.
Мазкур дастурдаги иштироки давомида суд жараёнларида бевосита кузатувчи сифатида қатнашган, бириктирилган адвокатлар назорати остида мижозлар билан дастлабки интервюларни ўтказган ҳамда АҚШдаги адвокат-мижоз муносабатларининг амалий жиҳатларини атрофлича ўрганган.
**Илк хулосалар**
Ҳозирда Чикагодаги Ҳурст, Кай, Аллен & Стамблер юридик фирмасида паралегал, яъни суд ишларини тайёрлаш, ҳуқуқий тадқиқотлар олиб бориш ва ҳужжатлар билан ишлашга масъул мутахассис сифатида фаолият юритмоқда. Шу билан бирга, Ню Ёрк штатида адвокатлик лицензияси олиш учун имтиҳонларга ҳам ҳозирланмоқда. Келгуси ихтисослашув борасида олдида иккита йўл бор: ёки банкротлик ҳуқуқини яхшилаб ўрганиб корпоратив йўналишни танлаш, ёки етарлича кўникма касб этган оила ҳуқуқи соҳасида қолиш. Қайси йўналишни танлашидан қатъи назар про боно — фуқароларга бепул ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, судга мурожаат тизимини осонлаштириш бўйича тадқиқотларини давом эттирмоқчи.
"Чикагога кўчиб келганимда 22 ёшда эдим. Нотаниш улкан шаҳар, тамомила бошқача ҳуқуқий тизим, ҳеч кимни танимайман. Кўплаб ёш мутахассислар учун бу руҳий ва касбий жиҳатдан энг мураккаб давр бўлиши мумкин, мен эса бу босқични айрича миннатдорлик билан эслайман. Чунки профессорларим ва менторларим доим ёнимда бўлиб, ҳар бир саволимга қунт билан жавоб беришди, ишга масъулият ва профессионаллик билан ёндашишни ўргатишди," — дейди Гўзал.
Икки нуфузли дастурдаги иштироки унга университет аудиторияларида топиб бўлмайдиган амалий тажриба, АҚШ ҳуқуқ тизимининг энг самарали механизмлари билан танишиш имконини берган. Айнан шу кузатувлар Ўзбекистон қонунчилигини такомиллаштириш бўйича янги ғоянинг туғилишига туртки берган. Ҳозирда муҳим илмий-амалий таклиф — Кук округидаги стандартлаштирилган суд шакллари тажрибасига асосланган ҳолда Ўзбекистон судлари ҳамда "Мадад" нодавлат-нотижорат ташкилотининг 149 та ҳудудий маслаҳат бюроси тармоғи орқали оилавий низолар бўйича соддалаштирилган ва стандартлаштирилган аризалар тизимини жорий этиш устида ишламоқда.
"АҚШдаги амалиётдан шундай муҳим хулоса олдим: судда ўзини ҳимоя қилаётган фуқаро учун тизим қанчалик тушунарли, содда ва қулай бўлса, адолатга эришиш шунчалик осонлашади. Ҳуқуқшунос сифатида пировард мақсадим — замонавий технологиялар ва стандартлаштирилган ечимлар орқали ҳар бир фуқарога сифатли ҳуқуқий ёрдам олиш имконини яратишга ҳисса қўшмоқ. Агар битта амалий ислоҳот, судга мурожаатни соддалаштирувчи биргина қулай процедура инсонларнинг суд тизими қаршисидаги қўрқувини озгина бўлса ҳам камайтира олса, адолатга ишончини оширса, демак, ҳаракатларимиз зое кетмаган бўлади," — дея сўзини якунлади Гўзал Абдуахатова.
Суҳбатлашди Саодат Абдураҳмонова.

