Маҳаллий

Одам савдосидан жабрланганлар учун қўшимча қўллаб-қувватлаш чоралари жорий этилади

“Одам савдосидан жабрланган шахсларни аниқлаш ва уларни жамиятга интеграция қилиш тизимини тубдан такомиллаштиришга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент Фармони қабул қилинди.

Одам савдосидан жабрланганларга ёрдам бериш бўйича янги чоралар жорий этилмоқда

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) —

Президентнинг “Одам савдосидан жабрланган шахсларни аниқлаш ва уларни жамиятга интеграция қилиш тизимини тубдан такомиллаштиришга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди.

Фармонга кўра, “Инсон” маркази, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги (Агентлик) тизимидаги одам савдосидан жабрланганларга хизмат кўрсатувчи ихтисослашган муассасалар, шунингдек, нодавлат нотижорат ташкилотларга одам савдосидан жабрланган шахсларни дастлабки идентификация қилиш ваколати берилади.

Дастлабки идентификация натижасида шахсга одам савдосидан жабрланган деб тахмин қилинаётган шахс мақоми 1 ойгача, якуний идентификация қилиш натижасида бериладиган одам савдосидан жабрланган деб тан олинган шахс мақоми эса кўпи билан 1 йилгача бўлган муддатга берилади.

Одам савдосига қарши курашиш ва муносиб меҳнат масалалари бўйича ҳудудий комиссиялар томонидан одам савдосидан жабрланган шахсларни якуний идентификация қилиш муддати 10 сутка этиб белгиланади.

2026 йил 1 сентябрдан бошлаб: Агентликнинг “1146” қисқа рақамли ишонч телефони орқали Ўзбекистон ҳудудида одам савдосидан жабрланган шахсларнинг мурожаатлари қабул қилинади, мутахассислар томонидан уларга ижтимоий, психологик, ҳуқуқий ҳамда бошқа масалаларда маслаҳат бериш ва ахборот тақдим этиш хизматлари кўрсатилади;

Ўзбекистоннинг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳамда консуллик муассасаларида одам савдосидан жабрланганлик ҳолати бўйича мурожаатларни қабул қилиш, уларга ижтимоий, психологик, ҳуқуқий ва моддий ҳамда бошқа масалаларда маслаҳат бериш ва ахборот тақдим этиш хизматлари кўрсатиладиган ишонч телефонлари фаолияти йўлга қўйилади;

Ислом Каримов номидаги “Тошкент” халқаро аеропорти ва “Самарқанд” халқаро аеропортларида Миграция жамғармаси ҳисобидан сунъий интеллект технологияларидан фойдаланилган ҳолда Миграция маслаҳат бюролари ташкил этилади.

diplomatic missionshuman traffickingvictim supportidentification processhelplinemigration bureaussocial protectionpresidential decree