Сиёсат

Ўзбекистон ва Жанубий Корея консуллик ҳамкорлигини муҳокама қилишди

Тошкентда Ўзбекистон ва Корея Республикаси ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги консуллик масалалари бўйича маслаҳатлашувларнинг тўртинчи давраси бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Ўзбекистон ва Жанубий Корея консуллик ҳамкорлигини муҳокама қилдилар

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — “Дунё” АА мухбирининг хабар беришича, Тошкент шаҳрида Ўзбекистон ва Корея Республикаси ташқи ишлар вазирликлари ўртасида консуллик масалалари бўйича маслаҳатлашувларнинг тўртинчи давраси бўлиб ўтди.

ТИВ маълумотларига кўра, делегацияларга Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Олимжон Абдуллаев ва Жанубий Корея ташқи ишлар вазири ўринбосари Лим Санг Ву раҳбарлик қилдилар.

Музокаралар давомида томонлар консуллик соҳасидаги икки томонлама ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ва уни янада ривожлантириш истиқболлари, шунингдек, ташкиллаштирилган меҳнат миграцияси масалаларини атрофлича муҳокама қилдилар.

Томонлар Ўзбекистон ва Корея Республикаси фуқароларининг ҳар икки давлат ҳудудидаги ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, ваколатли органлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда консуллик-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш самарадорлигини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратдилар.

Маслаҳатлашувларнинг муҳим йўналишларидан бири мобиллик ва миграция соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш бўлди. Томонлар ташкиллаштирилган ва хавфсиз меҳнат мобиллиги механизмларини такомиллаштириш, миграциянинг қонуний йўлларини кенгайтириш, ноқонуний миграция даражасини камайтиришга қаратилган қўшма чораларни амалга ошириш, шунингдек, Корея Республикаси ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошираётган фуқаролар учун муносиб яшаш ва меҳнат шароитлари ҳамда ишлаб чиқаришдаги меҳнат хавфсизлигини таъминлаш масалаларини муҳокама қилдилар.

Учрашув якунида икки давлат консуллик хизматлари ўртасидаги мунтазам мулоқот ва амалий ҳамкорликни давом эттириш, мазкур йўналишдаги шартномавий-ҳуқуқий базани кенгайтириш, шунингдек, ушбу маслаҳатлашувлар механизмини янада фаоллаштиришга келишиб олинди.

uzbekistansouth koreadiplomacybilateral relationsforeign policylabor migrationconsular cooperationmigration