Сиёсат

Ўзбекистон Сенати статистика тизимига киритилган ўзгартиришларни маъқуллади

Сенатнинг ялпи мажлисида статистика органларининг фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун муҳокама қилинди.

Ўзбекистон Сенати статистика тизимига киритилган ўзгаришларни тасдиқлади.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Сенатнинг ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун муҳокама қилинди. Ушбу қонун статистика органлари фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда расмий статистика маълумотларининг миллий ва хорижий фойдаланувчилар учун очиқлиги ва шаффофлигини максимал даражада таъминлаш, шунингдек, иқтисодиёт тармоқларининг ривожланиш кўрсаткичлари ҳақидаги маълумотлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Миллий статистика қўмитасининг ташкил этилиши расмий статистика соҳасидаги давлат сиёсатини амалга оширишда, расмий статистикани ривожлантириш масалалари бўйича миллий статистика тизими доирасида фаолиятни мувофиқлаштиришда статистика органларининг мустақиллиги ва ваколатларини кенгайтиришда муҳим рол ўйнамоқда.

Шу билан бирга, расмий статистика соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш мақсадида ушбу соҳага оид қонун ҳужжатларининг нормаларини ўзаро мувофиқлаштириш зарурати юзага келмоқда.

Мазкур Қонун билан статистика кенгашининг ваколатлари кенгайтирилиб, унга статистика ишларини ташкил этиш тизимини яратишга кўмаклашиш ҳамда расмий статистикани тайёрловчиларнинг соҳага оид фаолиятини мувофиқлаштириш ваколати берилмоқда.

Бундан ташқари, расмий статистикани тайёрловчиларнинг статистика маълумотларига ёки статистика маълумотларини тайёрлаш фаолиятига таъсир кўрсатиши мумкин бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳалари ваколатли давлат органи билан келишилиши шартлиги белгилаб қўйилмоқда.

Шунингдек, эълон қилинган расмий статистикада тафовутлар аниқланганда, уларни тузатиш ва тузатилган маълумотларни жамоатчиликка эълон қилиш ҳам Қонун билан мустаҳкамланмоқда.

Сенаторлар таъкидлаганидек, ушбу Қонун статистика соҳасидаги маъмурий ислоҳотларни самарали амалга ошириш доирасида статистика органларининг фаолиятини такомиллаштиришга ҳамда расмий статистикадан фойдаланувчилар учун янада қулай шарт-шароитлар яратишга хизмат қилади.

Муҳокама якунида сенаторлар Қонунни маъқулладилар.

uzbekistanreformslegislationstatisticsdata transparencydata correctionnational statistics committeesenate