Нима учун Тошкентга пуллик автотураргоҳлар керак? — экспертлар фикри

**Тошкентга пуллик автотураргоҳлар нима учун керак? — Экспертлар фикри**
Автотураргоҳ масаласи, аввало, пиёдаларга тегишли бўлиб, ҳатто ҳайдовчилардан ҳам кўпроқ аҳамиятга эга. Бир неча соатга қолдирилган автомобил кўчанинг бир қисмини эгаллайди, ҳолбуки, кўчалар барча шаҳар аҳолисига тегишли. Тошкентда автомобил бошқарувчилари аҳолининг атиги 21 фоизини ташкил этади. Аҳолининг мутлақ кўпчилиги пиёдалардир ва улар кўча маконидан тўлақонли фойдаланишга ҳақли. Шу сабабли, пуллик автотураргоҳлар ҳақидаги мунозара аслида шаҳар макони кимга тегишли ва ундан қандай қоидалар асосида фойдаланилиши кераклиги ҳақидаги муҳокамадир. Замонавий шаҳар автомобил эгалари бўлган озчилик манфаъатини устувор қўймаслиги керак. Аксинча, у барча фуқаролар ва уларнинг қулайлигини ҳисобга олиши лозим.
Бугунги кунда Тошкентда ҳайдовчилар автомобилларини пиёдалар йўлаклари, автобус бекатлари, пиёдалар ўтиш жойлари, ҳовлиларга кириш йўллари ҳамда жамоат бинолари кириш қисмига қолдирмоқда. Натижада барча шаҳар аҳолиси фойдаланиши керак бўлган жамоат ҳудудлари амалда озчилик, автомобил эгалари томонидан ўз шахсий мулкини сақлаш учун бепул эгаллаб олинмоқда.
Бундай вазиятларда одатда популистик таклифлар янграйди: “Кўпроқ автотураргоҳлар қуриш керак”. Бироқ халқаро тажриба шуни кўрсатадики, автотураргоҳлар сонини чексиз ошириб боришнинг имкони йўқ. Шаҳар марказида автотураргоҳ қанчалик арзон ва қулай бўлса, шахсий автомобилда юриш шунчалик жозибадор бўлади ва янги жойлар тезда тўлиб кетади. Натижада шаҳар яна автотураргоҳлар танқислигига дуч келади, фақат бу сафар автомобиллар сони янада кўпайган бўлади. Шу боис замонавий мегаполислар автотураргоҳни йўлнинг бепул қўшимчаси сифатида эмас, балки оқилона бошқарилиши лозим бўлган чекланган шаҳар ресурси сифатида кўради.
Бугунги кунда Тошкентда бир нечта оператор пуллик автотураргоҳлар тизимини жорий этишни бошлади. Бу тизим йўл бўйи автотураргоҳлари ҳамда махсус ажратилган ҳудудлардаги автотураргоҳларни ўз ичига олади. Архитекторлар, урбанистлар ва бошқа мутахассислар ушбу ташаббусни қўллаб-қувватламоқда.
**Аркадий Гершман – таниқли урбанист, “Город для Людей” (“Одамлар учун шаҳар”) канали муаллифи:**
Аслида, бепул автотураргоҳ деган тушунча мавжуд эмас. Уни лойиҳалаш, қуриш, асфалт ётқизиш, йўл чизиқларини чизиш, тозалаш ва таъмирлашнинг барчаси маблағ талаб қилади. Бундан ташқари, автотураргоҳ шаҳар ер майдонидан фойдаланади, ҳолбуки ер шаҳарнинг энг чекланган ресурсларидан биридир. Агар бунинг учун ҳайдовчи тўламаса, демак, бу харажатларни барча шаҳар аҳолиси солиқлар ёки жамият учун яратилиши мумкин бўлган бошқа имкониятлар ҳисобидан қоплайди. Бепул тиббий хизмат ёки пиёдалар йўлакларидан фарқли ўлароқ, автотураргоҳлардан фақат автомобил эгалари фойдаланади. Шу сабабли адолат тамойили жуда оддий: ким фойдаланса, ўша тўлаши керак.
Шу билан бирга, пуллик автотураргоҳнинг мақсади фақат харажатларнинг бир қисмини қоплаш эмас. У, аввало, транспорт сиёсатининг муҳим воситаларидан биридир. Унинг иккита асосий вазифаси мавжуд.
Биринчиси – қисқа муддатли вазифа. Пуллик тизим автомобилни ушбу ҳудудда доимий қолдиришга эҳтиёжи бўлмаган ҳайдовчиларни саралаб олади. Масалан, автомобилини метро бекати ёнида ойлар давомида қолдириб кетадиганлар. Пуллик автотураргоҳ ҳайдовчиларни бўш жой кўпроқ бўлган ва автомобил ҳеч кимга халақит бермайдиган ҳудудларда машина қўйишга ундайди.
Иккинчи вазифа – узоқ муддатли. Унинг мақсади шахсий автомобилда юришга нисбатан жамоат транспортидан фойдаланишни иқтисодий жиҳатдан афзалроқ танловга айлантиришдир. Оддий қилиб айтганда, агар машина уйнинг тагида турган бўлса, инсон ишга, дўконга ёки дўстлариникига айнан ўша машинада боришни хоҳлайди. Ҳатто яқин атрофда метро бўлса ҳам, кўпчилик барибир автомобилни танлайди. Чунки машина бор, унга ёқилғи қуйилган ва ундан фойдаланиш одат тусига кирган. Аммо ҳамма шундай йўл туца, натижада тирбандлик юзага келади ва манзилга тезроқ етиб бориш ўрнига, ҳамма биргаликда тирбандликда вақт йўқотади.
Шу сабабли шаҳар автомобилга эгалик қилишни эмас, балки ундан энг тирбанд ҳудудларда фойдаланишни қимматроқ қилади. Бу одамларни жамоат транспорти ёки ҳеч бўлмаганда таксидан фойдаланишга рағбатлантиришнинг юмшоқ усулидир. Масалан, агар офис олдидаги автотураргоҳ нархи соатига камида 1 АҚШ долларини ташкил эца, тўққиз соатлик иш куни давомида автотураргоҳ учун тўланадиган маблағ сезиларли харажатга айланади. Шунда инсон ўз меҳнатининг катта қисмини айнан автотураргоҳ харажатини қоплаш учун сарфлаётганини англайди. Натижада айрим фуқаролар ўз транспорт одатларини ўзгартиради, йўллардаги тирбандлик камаяди ва бундан ҳамма манфаат кўради: автомобили ҳақиқатан ҳам зарур бўлган ҳайдовчилар, жамоат транспорти йўловчилари, пиёдалар ҳамда бутун шаҳар аҳолиси.
**Мария Султанова – шаҳарсозлик архитектори, “САД” архитектура бюроси директори:**
Менимча, пуллик автотураргоҳлар ҳақида гўёки бу автомобил эгаларига қарши қаратилган ташаббусдек гапиришни бас қилиш вақти келди.
Шаҳар ери қиммат ресурс ҳисобланади. Унда шахсий автомобилни бепул сақлаш эса унчалик мантиқий эмас. Ҳа, пуллик автотураргоҳлар керак. Йўқ, улар жамоат транспортининг ўрнини боса олмайди. Албатта, шаҳарлар аста-секин жамоат транспортига устуворлик бермоқда. Аммо Тошкентда одамларнинг автобус ва метродан кенг фойдаланишга ўтиши ҳали кўп йиллар талаб қилади. Шу билан бирга, бугун кўчаларда ҳаракатланаётган Ласетти автомобиллари ҳам бирданига йўқолиб қолмайди. Яқин ўн йил давомида ҳам уларни қаергадир қўйиш учун автотураргоҳлар керак бўлади.
Энди эса бунга қандай эришиш мумкинлиги ҳақида тўхталсак.
1. Автотураргоҳ сиёсати транспорт оқимини бошқаришнинг энг самарали воситаларидан биридир. Автотураргоҳлар жойлашадиган ҳудудларни тасодифан эмас, балки транспорт муҳандислари ва архитекторлар белгилаши керак. Шундагина транспорт оқимини тирбанд кўчалардан камроқ юклама тушадиган кўчаларга йўналтириш мумкин бўлади.
2. Тушган маблағлар ҳам шаҳар манфаатига хизмат қилиши ва яна шаҳарга қайтиши керак. Жумладан, кўп қаватли автотураргоҳлар қурилиши, жамоат транспортини ривожлантириш, кўкаламзорлаштириш ҳамда пиёдалар йўлакларини яхшилашга йўналтирилиши лозим. Автотураргоҳ учун тўлов ёки жарима тўладингизми? Билингки, бу маблағ эртага шаҳардаги янги дарахт ёки янги автобусга айланиши керак.
3. Халқаро тажрибани ўрганиш муҳим. Масалан, Сан-Франсискода автотураргоҳ нархи талаб даражасига қараб белгиланади. Ноттингемда эса автотураргоҳлардан тушган даромад жамоат транспортини ривожлантиришга йўналтирилади.
4. Жарималар ҳам бўлиши шарт. Акс ҳолда, одатдаги ҳолат юз беради: фақат мас'улиятли ва қоидаларга амал қиладиган фуқаролар тўлайди.
Ва ниҳоят, бу тизимнинг мазмунини аҳолига тўғри тушунтириш зарур. Ҳар бир тўланган сўм кўчалардаги янги дарахтлар, жамоат транспорти ва шаҳар инфратузилмасини яхшилашга хизмат қилиши керак. Бу ғоя реклама баннерлари ва ахборот материалларида кенг ёритилиши лозим. Шунда фуқаролар тўлаган маблағлари шаҳар ривожига қайтаётганини кўради ва тўловларни мас'улият билан амалга оширишга кўпроқ интилади.
**Искандар Солиев – шаҳарсозлик бўйича мутахассис, урбанист:**
**Пуллик автотураргоҳ шаҳарни бошқаришдаги муҳим тизимли ечим**
Автотураргоҳ пуллик бўлиши керак. Бу шаҳар инфратузилмасини тартибга солишнинг энг муҳим омилларидан биридир. Бугунги кунда шаҳарларимиз дуч келаётган муаммолар тасодифан пайдо бўлмаган. Улар йиллар давомида ушбу масалага тизимли ёндашув бўлмагани сабабли аста-секин йиғилиб келган. Биз бугунги вазиятга бирданига келиб қолганимиз йўқ, уни барибир эртами-кечми ҳал қилиш зарур эди.
Албатта, пуллик автотураргоҳ транспорт тизимидаги барча муаммоларнинг ягона ечими эмас. Э'тибор қаратилиши лозим бўлган бошқа кўплаб йўналишлар ҳам бор. Масалан, жамоат транспорти тизими ҳам ҳали мукаммал ишламаяпти. Шу боис айримлар: “Гўёки муаммо фақат автотураргоҳларда экан-да”, дейиши мумкин. Бироқ барча йўналишлар бир вақтнинг ўзида ва тизимли равишда ривожлантирилиши керак. Чунки улардан бири иккинчисисиз умумий инфратузилма муаммоларини ҳал қила олмайди. Ҳозир бошланган ислоҳотлар, умуман олганда, тўғри йўналишда олиб борилмоқда ва уларни янада фаол давом эттириш зарур.
Ба'зилар: “Йиллар давомида бу ерда машинамизни бепул қўйиб келган эдик, энди эса кимдир келиб бундан пул ишламоқчи бўляпти”, деб ўйлаши мумкин. Аслида эса бундай эмас. Биз уй сотиб олаётганимизда ҳар бир квадрат метр учун ҳақ тўлаймиз. Чунки қурувчи уй қуриладиган ер участкасини олиш учун аввал у ерда яшаган фуқаролар билан келишади, ерни катта харажат эвазига сотиб олади ва кейинчалик ўз харажатлари ҳамда фойдасини ҳисобга олган ҳолда бизга сотади. Ҳатто ер ости автотураргоҳларидаги бир дона машина жойи ҳам 10, 20 ёки 30 минг АҚШ долларига сотилади.
Шунда табиий савол туғилади: нега биз йиллар давомида уйларимиз атрофидаги, аслида ўзимизга тегишли бўлмаган умумий ҳудудлардан бепул фойдаланиш масаласини ўйлаб кўрмаганмиз? Биз бу ерларни “ҳамма учун бепул” деб қабул қиламиз ва зарурат туғилганда ҳатто яшил ҳудудлар ҳисобига бўлса ҳам эгаллаб оламиз. Бундай фикрлашнинг ўзи йиллар давомида шаклланган тизимсиз бошқарув натижасидир. Балки бу бозор иқтисодиётига ўтиш даврида давлат тасарруфидаги бўш ва яшил ҳудудларни “эгасиз” деб қабул қилганимиз билан ҳам боғлиқдир. Натижада ҳар ким улардан ўз хоҳишига кўра фойдалана бошлади. Бу тартибсизликни эса барибир бир кун келиб тартибга солиш керак эди.
Бугун кўчаларда ҳатто пиёда юриш ҳам қийинлашиб бормоқда, чунки автомобиллар дуч келган жойга қўйилмоқда. Йўлларимиз тартибсизликдан ҳақиқий тирбандлик ва хавфли ҳудудларга айланди. Яшил майдонлар қисқарди. Тупроқ сувни шимадиган жойлар ўрнини асфалт ва бетон қопламалар эгаллагани сабабли ёғингарчилик вақтида сув йиғилиб қолмоқда. Шунингдек, автомобилдан чексиз ва назорациз фойдаланиш оқибатида йўллардаги тирбандлик критик даражага етди.
Шу сабабли пуллик автотураргоҳлар тизимини жорий этиш мавжуд муаммоларни ҳал қилиш йўлидаги энг муҳим қарорлардан биридир.
Бироқ бунинг муҳим шарти бор: ҳар бир маҳалла ёки квартал ўз ҳудудидаги пуллик автотураргоҳлардан тушаётган маблағ айнан шу ҳудуд инфратузилмасини ривожлантиришга сарфланаётганини очиқ ва шаффоф тарзда кўриши ҳамда ҳис қилиши керак. Фақат шундагина бундай ислоҳотларга нисбатан норозилик ва ишончсизлик камаяди. Ҳозирча эса бу лойиҳа кўпчилик учун етарлича тушунарли эмас, ёпиқ ва ҳали тўлиқ шаклланмаган кўринади.
**Абдураҳмон Бахтиев, Тошкент шаҳри ҳокимининг транспорт ва йўл инфратузилмаси масалалари бўйича ўринбосари:**
Тошкент шаҳри ҳокимлиги пойтахтимизни нафақат ҳайдовчилар, балки пиёдалар учун ҳам қулай шаҳарга айлантириш йўлида изчил иш олиб бормоқда. Ушбу йўналишдаги муҳим вазифалардан бири жамоат транспорти ва йўл инфратузилмасини модернизация қилишдир. Шу мақсадда замонавий ёндашувларни амалиётга жорий этаётган Йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази (ЙҲТТМ) ташкил этилди.
Замонавий шаҳарни пуллик автотураргоҳлар тизимисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Бу тизим иккита муҳим вазифани бажаради. Биринчидан, шаҳар марказидаги автомобиллар сонини тартибга солади. Иккинчидан, автотураргоҳ жойларидан узоқ вақт давомида фойдаланадиганлар эмас, балки кўпроқ ҳайдовчилар фойдаланишига имкон яратади.
Бу йўналишда Тошкент шаҳри ҳокимлиги давлат-хусусий шериклик амалиётини изчил ривожлантиришни давом эттиради. Унга кўра, тадбиркорлар очиқ танлов асосида автотураргоҳларни бошқариш ҳуқуқини қўлга киритади ва шаҳар буджетига белгиланган тўловларни амалга оширади. Ушбу маблағлар ҳисобидан шаҳар аҳолиси учун қулайлик яратишга қаратилган инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш давом эттирилади.
Келажакдаги Тошкент бу жамоат транспортидан фойдаланиш қулай ва ҳамёнбоп бўлган шаҳар. Бундай шаҳарда устуворлик пиёдалар ҳамда жамоат транспортига берилади. Бу инсонлар учун қулай шаҳар барпо этишнинг замонавий ёндашувидир.
**Жаҳонгир Тошпўлатов – Пойтахт Паркинг компанияси бош менежери:**
Бутун дунёда пуллик автотураргоҳлар шаҳар ҳудудини самарали бошқариш воситаси ҳисобланади. Ер майдони чексиз эмас, автомобиллар сони эса тобора ортиб бормоқда. Шу сабабли бу ресурсдан оқилона фойдаланиш ва уни тўғри бошқариш зарур.
Москва тажрибаси шуни кўрсатдики, пуллик автотураргоҳ тизими жорий этилгач, бўш жой излаб кўчаларда айланиб юрадиган автомобиллар сони бир неча баробар камайган. Натижада транспорт ҳаракати тезлашган, кўчаларнинг ўтказувчанлиги яхшиланган ва автотураргоҳ жойларидан фойдаланиш самарадорлиги сезиларли даражада ошган.
Бугунги кунда Тошкент ҳам ўз вақтида Москва дуч келган муаммолар билан юзлашмоқда. Автомобиллар сони шаҳар инфратузилмасига қараганда тезроқ ўсмоқда, ҳовлилар ва марказий кўчалар эса аста-секин тартибсиз автотураргоҳларга айланиб бормоқда. Олдимизда ҳали катта ишлар турибди ва бу жараёнда нафақат ҳайдовчилар, балки барча шаҳар аҳолисининг иштироки муҳим.
Оператор сифатида биз ушбу лойиҳа натижалари фақат транспорт тизими билан чекланиб қолмаслигига ишонамиз.
* **Экологик самара:** автомобиллар бўш жой излаб кўчаларда айланишни камайтиради, яшил ҳудудлар ва кўкаламзорлаштиришни тиклаш имконияти яратилади.
* **Иқтисодий самара:** тартибли кириш-чиқиш йўллари ва бўш пиёдалар йўлаклари вақт ўтиши билан шаҳар инфратузилмасининг самарали ишлашига ижобий та'сир кўрсатади. Шунингдек, шаҳар буджетига тушадиган мунтазам тўловлар инфратузилмани ривожлантиришга йўналтирилади.
* **Ижтимоий самара:** уйлар, поликлиникалар ва мактаблар яқинидаги автотураргоҳ жойлари ҳамма учун тенг даражада фойдаланиш имконига эга бўлади. Бу имконият машинасини ким биринчи қўйганига боғлиқ бўлмайди. Айниқса, кўп қаватли уйлар аҳолиси буни яққол ҳис қилади. Бундан ташқари, лойиҳа Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги билан ҳамкорлик қилиб, эшитиш ва нутқида нуқсони бўлган 60 нафардан ортиқ инспекторни иш билан та'минлади.
* **Хавфсизлик нуқтайи назаридан:** тез ёрдам ва ёнғин ўчириш хизматлари учун йўллар бўшатилади, пиёдалар йўлакларига тартибсиз автомобил кириб келишининг олди олинади. Муҳими, Тошкент бу йўналишда изчил ҳаракат қилмоқда. Тошкент шаҳри ҳокимлиги ҳамда Йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази (ЙҲТТМ) олиб бораётган ишлар айнан шундай ўзгаришларни барқарор амалга ошириш учун зарур бўлган тизимли ёндашувни шакллантирмоқда.
Оператор сифатидаги вазифамиз фақат автотураргоҳ инфратузилмасини яратиш билан чекланмайди. Биз шаҳарни ривожлантиришга қаратилган барча ташаббусларни қўллаб-қувватлашга интиламиз. Тошкент эса бу йўлни эндигина бошлаб бормоқда.

