Дунё

Нигерияда қуролланган шахслар ҳарбий базага ҳужум қилиб, 52 кишини ўғирлаб кетди

Нигериянинг Замфара штатида қуролланган шахслар қишлоқ ва ҳарбий базага ҳужум қилиб, камида 52 кишини, жумладан, болаларни ўғирлаб кетди. Бу ҳақда Эуроневс маҳаллий манбаларга таяниб хабар берди.

Одамларни ўғирлаш Нигериядаги қуролли гуруҳлар, жумладан, жиҳодчилар ва маҳаллий тилда “бандитлар” деб аталувчи жиноий гуруҳлар учун асосий даромад манбайига айланган. Замфара мамлакат шимоли-ғарбида бундан энг кўп азият чекаётган штатлардан бири ҳисобланади.

Мотосиклдаги қуролланган шахслар 2-августга ўтар кечаси Касувар Дажи қишлоғига бостириб кирган. Аҳоли вакилларининг айтишича, улар аввал қишлоқ четидаги ҳарбий базага ҳужум қилган. Ҳужумчилар базадаги милтиқларни тортиб олган ва ҳарбий патруллик машинасига ўт қўйган. Шундан сўнг улар қишлоққа бостириб кириб, ўнлаб одамларни ўғирлаган.

Бу қишлоқда яшовчи Шеҳу Абдуллоҳийнинг сўзларига кўра, тажовузкорлар дастлаб 100 дан ортиқ одамни ушлаган. Кейинчалик уларнинг баъзиларини қўйиб юбориб, 52 кишини олиб қолган. Унинг 12 ёшли қизи ҳам ўғирланганлар орасида бор.

Бошқа бир резидент Аҳмад Усмон ҳам худди шундай маълумот берди. У қуролланган шахслар уйма-уй юриб, кўплаб одамларни олиб кетганини айтди. Усмон ўз оиласидан икки нафар келини ва икки нафар ўсмир қизи ўғирланганини билдирди.

Армия вакили Оланийи Особа ҳарбийлар базага қилинган ҳужумни “муваффақиятли” қайтарганини билдирди. У, шунингдек, қуролланган шахслар бир аскар ва бир милиционерни ўлдирганини ҳамда сони номаълум аҳолини ўғирлаб кетганини тан олди. У ўз баёнотида ҳужумда “террорчилар”ни айблади.

Босқинчилар гуруҳлари Нигерия шимоли-ғарбий ва марказининг давлат назорати кучсиз бўлган қишлоқ жойларида ҳаракат қилади. Улар деҳқонлардан “солиқ” ундиради, чорва молларини ўғирлайди, қишлоқларга босқин уюштиради ва ноқонуний кон қазиш ишларида қатнашади. Аввалроқ Нигерия ксенофобия ҳужумлари сабаб Жанубий Африкадан 1490 нафар фуқаросини эвакуация қилганди.

harbiy bazazo'ravonliknigeriyaodam o'g'irlashqurolli hujumzamfarajinoiy guruhlarterrorchilar