Неймар фаолиятини қайси клубда якунлаши ҳақида маълумот берилди

Неймар фаолиятини якунлаши мумкин бўлган клуб номи ошкор этилди.
Бразилиялик ҳужумчи Неймар АҚШнинг “Интер Маями” клубига ўтиш истагини билдирган. Унинг жамоага 2027-йилда келиб қўшилиши кутилмоқда. Бу ҳақда Бразилия терма жамоасининг собиқ футболчиси Фелипе Мело маълум қилди.
Мело футболчининг вакиллари билан боғланганини ва Неймар 2027-йилнинг январида “Сантос”дан “Интер Маями”га ўтишни хоҳлаётганини айтди. Унинг сўзларига кўра, Неймар Маями клубида ўзининг “Барселона”даги собиқ жамоадошлари — Лионел Месси ва Луис Суарес билан яна бирга ўйнашни истамоқда. Эслатиб ўтамиз, бу учлик 2014—2017-йилларда Каталония клуби сафида жами 363 та гол уришга муваффақ бўлган.
Маълумот учун, 34 ёшли Неймар 2025-йилнинг январ ойида Саудия Арабистонининг “Ал-Ҳилол” клубидан ўзининг қадрдон “Сантос” жамоасига қайтган эди.
Неймар Бразилия терма жамоаси тарихидаги энг яхши тўпурар ҳисобланади. У “пентакампеонлар” таркибида жами 130 та ўйинда иштирок этиб, 80 та гол муаллифига айланган. У миллий жамоа сафида 2016-йилги Олимпиада ўйинлари ва 2013-йилги Конфедерациялар Кубогида олтин, 2012-йилги Олимпиада ва Америка Кубоги-2021 мусобақаларида эса кумуш медалларни қўлга киритган. Футболчи ЖЧ-2026 мусобақасида иштирок этиб, 2023-йилнинг октабридан буён илк бор Бразилия терма жамоаси либосида майдонга тушди.

