Маҳаллий

Нефт ва газ компанияларига берилган солиқ имтиёзлари таҳлил қилинадими? Фискал институт ресурс солиқларини ўрганишга ваъда берди

Фискал таҳлиллар институти тақдимотида ҚҚС, фойда солиғи, жисмоний шахслар даромад солиғи ва бошқа йўналишлар бўйича таклифлар эълон қилинди. Бироқ 2022 йилда ер қаъридан фойдаланганлик учун - олтиндан тортиб газгача - солиқ ставкаларининг хусусий компаниялар учун пасайтирилгани ортидан бюджьет бир йилда 2 триллион сўм йўқотганди, газ қазиб чиқариш ҳажми ошиш ўрнига пасайиб кетди.

Нефт ва газ компанияларига берилган солиқ имтиёзлари таҳлил қилинадими? Фискал институт ресурс солиқларини ўрганишга ваъда берди

Фискал таҳлиллар институти 30-июл куни ўтказган Фискал мулоқотда 2027-йилги солиқ сиёсатига оид бир қатор таклифларни тақдим этди. Тадбирда ҚҚС, фойда солиғи, аксиз, банк омонатлари, углерод солиғи ва бошқа йўналишлар бўйича таҳлиллар эълон қилинди. Бироқ, ресурс солиқлари, хусусан, ер қаъридан фойдаланганлик учун олинадиган солиқлар бўйича тадқиқотлар тақдим этилмади.

**“Солиқлар камайди, аммо газ қазиб олиш ҳамон пасаймоқда”**

Муҳокама чоғида Kun.uz мухбири институт вакилларидан 2017-йилдан кейин нефт-газ соҳасида жорий этилган солиқ имтиёзлари самарадорлиги юзасидан тадқиқотлар ўтказилган-ўтказилмаганига аниқлик киритишни сўради. Саволда қайд этилишича, сўнгги йилларда ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ ставкалари айрим йирик инвесторлар учун сезиларли даражада пасайтирилган. Жумладан, нефт ва газ қазиб олиш билан шуғулланувчи хорижий инвесторлар, хусусан, Саноат Энергетика Гуруҳи (Санег), Лукоил ва бошқа йирик компанияларга қатор солиқ преференсиялари берилган.

Шу билан бирга, аввалроқ эълон қилинган расмий ҳисоб-китобларга кўра, ушбу имтиёзлар натижасида давлат бюджети триллионлаб сўм даромаддан маҳрум бўлган. Kun.uz мухбири солиқ юкининг камайтирилишига қарамай, кейинги йилларда табиий газ қазиб олиш ҳажми изчил пасайиб бораётганини эслатиб, Фискал институт бу имтиёзларнинг иқтисодий самарадорлигини баҳолаганми, деган саволни ўртага ташлади.

**Институт: ресурс солиқлари бўйича тадқиқотлар ҳали олдинда**

Фискал таҳлиллар институти директори Аббосбек Жўраевнинг айтишича, институт фаолият бошлаганига уч ой бўлган ва тадқиқотлар босқичма-босқич амалга оширилмоқда. Унинг сўзларига кўра, ҳозирча иккинчи чорак давомида бажарилган ишлар тақдим этилган бўлса, ресурс солиқлари ҳам институтнинг навбатдаги тадқиқот йўналишлари қаторига киритилган.

Жўраевнинг билдиришича, институт ҳар бир солиқ имтиёзининг самарадорлигини баҳолаш методологиясини ишлаб чиқишни режалаштирмоқда. Баҳолашда имтиёзларнинг иқтисодий ва ижтимоий самараси, муайян тармоқлар ривожига таъсири ҳамда аҳолини қўллаб-қувватлашдаги ўрни ҳисобга олинади. Институт директори ҳозирда Ўзбекистонда миссия билан ишлаётган Халқаро валюта жамғармаси экспертлари билан айнан шу йўналишда ҳам маслаҳатлашувлар олиб борилаётганини айтди. Унинг сўзларига кўра, халқаро экспертларнинг тавсиялари олингач, институт ўз таҳлилларини тайёрлаб, жамоатчилик муҳокамасига тақдим этади.

**Ресурс солиқлари бўйича баҳслар янгилик эмас**

Ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ ставкалари сўнгги йилларда бир неча бор жамоатчилик муҳокамасига сабаб бўлган. Ўзбекистонда 2022-йилдан Ер қаъридан фойдаланганлик учун (олтиндан тортиб газгача) солиқ ставкалари пасайтирилди. Лекин ставкалар НКМК, ОКМК ва “Ўзбекнефтгаз” учун ўзгармасдан қолди. Ерости бойликларини ўзлаштирувчиларга Ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ ставкалари қаторида нефт ва табиий газ бўйича 10 фоизгача, олтин ва мис учун 7 фоизгача, волфрам консентрати учун 2,7 фоизгача, уран учун 8 фоизгача камайтирилганди.

Хусусий компанияларга ерости бойликларини қазиб олиш учун ниҳоятда ҳайратланарли имтиёзлар берилиши ортидан ерости бойликлари олигархлар қўлига осон ўтиши эҳтимоли жамоатчиликда хавотирлар уйғонишига сабаб бўлди. Айрим имтиёзлар давлат бюджетига қарийб 2 триллион сўм йўқотиш келтирган. Шу билан бирга, солиқ юки камайтирилганига қарамай, мамлакатда табиий газ қазиб олиш ҳажми кутилган даражада ошмаган.

2023-йил бошидаги маълумотларга кўра, табиий газ бўйича солиқ ставкаси 3 бараварга, нефт ва газ конденсати бўйича 2 бараварга камайиши ортидан, 2022-йилда ер қаъридан фойдаланувчилар бир йил олдингига қараганда салкам 2 трлн сўм ёки 12 фоиз кам солиқ тўлади. Шунга қарамай, газ қазиб чиқариш 4 фоизга, газ конденсати қазиб олиш 3 фоизга камайди.

state budgettax incentivesoil and gasfiscal policyresource taxeseconomic efficiencynatural gas productioninternational monetary fund