Иқтисодиёт

Муаммоли кредитларнинг 70 фоиздан ортиғини давлат банклари ажратган — Марказий банк

**Марказий банк маълумотларига кўра, Ўзбекистонда муаммоли кредитларнинг 70 фоиздан ортиғи давлат банклари ҳиссасига тўғри келади.**

Ўзбекистон Марказий банки томонидан эълон қилинган таҳлилий маълумотларга кўра, мамлакатдаги муаммоли кредитларнинг асосий қисми, яъни 70 фоиздан зиёди давлат банклари томонидан ажратилган.

2026-йил 1-июл ҳолатига кўра, республика банкларининг жами муаммоли кредитлари 22,94 триллион сўмни ташкил этган. Ушбу сумманинг қарийб 16,44 триллион сўми давлат банклари томонидан берилган ва ҳозирда қайтарилмаётган қарзлар ҳисобланади.

Энг кўп муаммоли кредитлар Ўзмиллийбанкда қайд этилган бўлиб, бу кўрсаткич 3,2 триллион сўмга етган. Ундан кейинги ўринларда Агробанк (3,19 триллион сўм), Ўзсаноатқурилишбанк (1,98 триллион сўм), Асака банк (1,9 триллион сўм) ва Микрокредитбанк (1,8 триллион сўм) жойлашган. Шунингдек, Халқ банки (1,5 триллион сўм) ва Бизнесни ривожлантириш банки (1,48 триллион сўм) ҳам қайтарилмаётган қарзлар улуши бўйича юқори кўрсаткичларга эга.

Сўнгги бир йил ичида давлат банклари орасида Микрокредитбанкнинг муаммоли кредитлари 613 миллиард сўмга ошиб, нисбатан юқори ўсишни кўрсатган. Алоқабанкнинг қайтарилмаётган кредитлари 401 миллиард сўмга, Агробанкники эса 394 миллиард сўмга кўпайган. Шу билан бирга, Ўзсаноатқурилишбанк муаммоли кредитлар улушини 562 миллиард сўмга, Халқ банки эса 346 миллиард сўмга камайтиришга муваффақ бўлган.

Хусусий банклар ҳиссасига 6,5 триллион сўм муаммоли кредит тўғри келади. Хусусан, Ипотекабанк томонидан ажратилган ва ўз муддатида қайтарилмаган қарзлар 1,1 триллион сўмни ташкил этади. Тибиси банкда бу кўрсаткич 1 триллион сўм, Анорбанкда 901 миллиард сўм, Капитал банкда эса 822 миллиард сўмга етган. Қолган хусусий банкларнинг муаммоли кредитлари ярим миллиард сўмдан камроқни ташкил этади.

Охирги бир йилда хусусий банклар орасида Анорбанкнинг муаммоли кредитлари 586 миллиард сўмга, Тибиси банкники эса 582 миллиард сўмга кўпайган. Шу даврда Ипотека банк муаммоли қарзлар улушини 1,2 триллион сўмга, Капитал банк эса 1,1 триллион сўмга камайтиришга эришган.

Аввалроқ Ўзбекистон аҳолисининг банклардан олган кредитлари қолдиғи бир йилда 39,5 триллион сўмга ошгани ҳақида хабар берилган эди.

uzbekistanproblem loansstate banksprivate banksbanking statisticsnon-performing loanscredit debtcentral bank