Миграция агентлиги масъуллари 1 млрд сўмдан ошиқ пулни талон-торож қилган
Прокуратура департаментининг Тошкент шаҳар бошқармаси тезкор тадбир ўтказди.

Миграция агентлиги мансабдор шахслари 1 миллиард сўмдан зиёд маблағни ўзлаштирганликда айбланмоқда.
Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Тошкент шаҳар бошқармаси томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда Миграция агентлигида 1 миллиард сўмдан ортиқ маблағ талон-торож қилингани аниқланди.
Текширув натижаларига кўра, агентликнинг масъул ходимлари Б.Д. ва Н.А. ишлаган даврида амалда ишламаган бўлишига қарамай, уларга 931,6 миллион сўм иш ҳақи тўланган. Шунингдек, интизомий жазо қўлланилган ва жазо амал қилган даврда Меҳнат кодекси талабларига зид равишда 8 нафар ходимга 88,5 миллион сўм тўлаб берилган. Бу ҳаракатлар натижасида буджет маблағлари растрата йўли билан талон-торож қилинганлиги маълум бўлди.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-тарож қилиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

