Маҳаллий

“Мармар гўшт”, Ҳюндаи Палисаде ва “Пирамит Товер”даги уйлар. Миграция агентлигининг «ички ошхонаси»да нима гаплар?

“Корея иши” фигуранти сифатида халқаро қидирувга берилган Азиз Тоштемиров Миграция агентлигининг амалдаги раҳбари Беҳзод Мусаевга нисбатан жиддий даъволарни илгари суряпти. У юқори лавозимли амалдорларни қимматбаҳо буюмлар талаб қилиш, имтиҳонларни сохталаштириш ҳамда давлат маблағларини ўзлаштиришда айблаяпти.

"Мармар гўшт", Ҳюндаи Палисаде ва "Пирамит Товер"даги уйлар. Миграция агентлигининг "ички ошхонаси"да нима гаплар?

Ўзбекистонда меҳнат миграцияси тизимида кенг кўламли тергов бошлангани маълум қилинди. Расмий маълумотларга кўра, Кореяга кетишни истаган ҳар бир номзоддан қонуний тўловлардан ташқари 7-12 минг доллар миқдорида пул олинган ва қарийб 90 миллион доллар маблағ ўзлаштирилган.

Кўп ўтмай, Миграция агентлигининг Кореядаги ваколатхонаси собиқ раҳбари Азиз Тоштемиров фирибгарликда гумонланиб, халқаро қидирувга берилгани аниқланди.

Жорий йилнинг 11-июнидан бошлаб, Тоштемиров "Корея 24 соат" Телеграм канали орқали Миграция агентлигининг собиқ ва амалдаги раҳбарларига нисбатан "компрамат"ларни эълон қила бошлади. Бу канал Кореяга оид кундалик янгиликлар ва "ЭПС Топик"га оид хабарларни ёритиб боради. Эълон қилинган материаллар орасида қимматбаҳо буюмлар талаб қилиш, имтиҳонларни сохталаштириш, фирибгарлик ва давлат маблағларини ўзлаштиришга уринишга доир жиддий айбловлар, ўзаро ёзишмалар, аудиоёзувлар, қатор расмий ҳужжатлар ва хатлар мавжуд.

**Беҳзод Мусаевга нисбатан айбловлар**

Азиз Тоштемировнинг асосий нишони Миграция агентлигининг амалдаги раҳбари Беҳзод Мусаев бўлди. Унга алоқадор постларда асосий эътибор ўзаро ёзишмалар ва қимматбаҳо буюртмаларга қаратилди.

Тоштемировнинг иддао қилишича, агентликнинг амалдаги раҳбари ундан мунтазам равишда премиум тоифадаги "мармар гўшт", қиммат косметика маҳсулотлари, тиш пасталари ҳамда бренд товарлар юборишни талаб қилиб келган. У бу топшириқлар акс этган қатор скриншотларни эълон қилди.

Можаронинг яна бир шов-шувли қисми Ҳюндаи Палисаде автомобили билан боғлиқ иддаолардир. Тоштемировнинг ёзишича, Мусаев унга Кореядан ичига махсус диван ўрнатилган қимматбаҳо Ҳюндаи Палисаде автомобилини сотиб олишни буюрган.

"Талаблар борган сари ошиб борди. Бир куни Мусаев машинада ўтирса бели оғриб қолаётганини айтиб, Кореядан махсус ётиб кетишга мўлжалланган диванга эга Ҳюндаи Палисаде машинасини юборишимни буюрди. Машинани изладик, топдик, аммо тўловга келганда «ўзинг амалла» деган жавобни олдим. Хуллас, битта янги Ҳюндаи Палисаде автомашинасини сотиб олиш, уни Кореяда ичларини тюнинг қилиб, ётиб кетиши учун махсус диван ўрнатиш ва "растаможка" харажатлари билан тахминан 150 минг доллар бўлар экан. Менда бунча пул йўқлигини айтганимда, ваколатхона учун маблағ сўраб расмий хат ёзишимни буюрди. "Бюджетда 150 минг доллар пул бор, сенга юбораман, ечиб олиб, машинани менга юборасан", дея айтди. Охири пичоқ бориб суякка тақалди. Президент Администрациясига доклад қилишга мажбур бўлдим", дея ёзган Тоштемиров ўзининг Телеграм каналида.

**"Бу Администрациянинг топшириғи"**

Тоштемировнинг сўзларига кўра, Беҳзод Мусаев унга кўплаб фуқароларни ЭПС тестларидан ўтказиш бўйича топшириқлар берган. Унинг таъкидлашича, Мусаевга "йўқ" деб бўлмасди, шу сабабли у ташқи томондан топшириқларни бажаришга розилик билдириб, амалда эса уларга қаршилик қилишга ҳаракат қилган.

"Кўп ўтмай Мусаев алоқага чиқиб, "топшириқ Администрациядан келяпти, нимага қаршилик қиляпсан? Бажармасанг, на Кореяга кета оласан, на Ўзбекистонда қоласан", деб тазьиқ ўтказар эди", - деб ёзади Тоштемиров. У бунга далил сифатида аудиохабарни илова қилган.

Овоз Беҳзод Мусаевга тегишли ёки йўқлиги номаълум.

**Миграция агентлиги нима дейди?**

Муҳокамалар марказида қолган Миграция агентлиги Азиз Тоштемиров томонидан тизим раҳбарияти ва ходимларига нисбатан илгари сурилаётган айбловларни асоссиз дея баҳолади.

Агентликка кўра, мазкур ҳолатлар юзасидан ваколатли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан текширув ва тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Текширувлар якунлари бўйича барча ҳолатларга ҳуқуқий баҳо берилади.

Шунингдек, шахсий маълумотларни тарқатиш, шаън ва қадр-қимматга путур етказувчи маълумотларни эълон қилиш ҳамда жамоатчиликни чалғитишга қаратилган ҳаракатлар бўйича қонунчиликда белгиланган чоралар кўрилиши маълум қилинган.

**Шахсий хизматчиларга бюджетдан тўловлар**

Яна битта жиддий айблов Миграция агентлигида амалда ишламаган ходимлар учун ойлик тўлаб келингани билан боғлиқ. Тоштемировга кўра, Беҳзод Мусаев раҳбар бўлиб келгач, Атаханов Наби Агзамович ва Джабаров Бахром Саидахмедович 2024-йилнинг ноябр ойида Миграция агентлигига ҳайдовчи сифатида ишга қабул қилинган. Ушбу ходимлардан бирига март ойида 44,4 миллион сўм, иккинчисига эса 46,5 миллион сўм иш ҳақи ҳисоблангани келтирилади.

Тоштемиров ушбу маълумотларни ёзганидан кўп ўтмай, Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент Миграция агентлигида 1 миллиард сўмдан ортиқ талон-торожликлар фош этилганини маълум қилди.

Департаментнинг Тошкент шаҳри бошқармаси ўтказган терговга қадар текширувда Миграция агентлигининг масъул шахслари агентлик ходимлари Б.Д. ва Н.A.ning амалда ишламаган даври учун 931,6 миллион сўмни иш ҳақи сифатида тўлаб бериб, бюджет маблағларини растрата йўли билан талон-торож қилганини аниқлаган. Бундан ташқари, интизомий жазо чораси қўлланган ва жазо амал қилган даврда Меҳнат кодексининг талабларига зид равишда 8 нафар ходимга 88,5 миллион сўм тўлаб берилган.

Айни кейс юзасидан ҳозирча Миграция агентлиги расмий изоҳ бермади.

**Тоштемировнинг бойликлари**

Беҳзод Мусаев ва унинг раҳбарлигидаги ташкилотга нисбатан Азиз Тоштемиров илгари суриб келаётган айбловларга шу ҳафта агентлик ўз расмий сайтида муносабат эълон қилди.

Унда Тоштемиров агентликда ишлаган даврида қариндошларининг номига умумий қиймати 1,5 миллион долларлик 7 та кўчмас мулк сотиб олгани айтилган ва у давлат хизматчиси сифатида бунча пулни қаердан олгани сўроқ остига олинган.

Азиз Тоштемиров 2020–2025-йилларда Миграция агентлиги тизимида турли лавозимларда меҳнат фаолиятини олиб борган ва бу даврда унинг ойлик иш ҳақи, жами 1 миллиард 833 миллион сўм (ёки 153 минг АҚШ доллари)ни ташкил қилган. Коррупсияга қарши кураш доирасида ўтказилган текширувларда Тоштемировнинг қонуний даромадлари ҳамда очиқ манбалардаги маълумотларга кўра, ўзи ва яқинлари номига расмийлаштирилган мол-мулклар қиймати ўртасида сезиларли тафовут мавжудлиги аниқланган.

"2023-2025 йиллар давомида Азиз Тоштемиров ўзи ва яқин қариндошлари номига камида 7 та йирик кўчмас мулк объектини харид қилган. Масалан, Тошкент шаҳри Яккасарой туманидаги энг қиммат объектлардан бири бўлган "Пирамит Товер" турар жой мажмуасидан 2025-йилда бир эмас, 2 та, биттаси 110 м² ва иккинчиси 50 м² бўлган хонадонлар сотиб олинган. Шунингдек, 2024-йилда ер майдони 1200 м² бўлган Андижон вилоятининг Улуғнор тумани, Обод маҳалласидаги ҳовли-жой, қолаверса, 2023-йилнинг ўзида биргина Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманида 4 та квартирани расмийлаштирган. Юқорида санаб ўтилган кўчмас мулк объектларининг умумий қиймати камида 1 миллион 500 минг АҚШ доллари (ёки 19 миллиард сўм)ни ташкил этади", дейилади агентлик баёнотида.

Қўшимча қилинишича, 2022–2025-йиллар давомида Кореяга ишга юбориш жараёнларидаги эҳтимолий қонунбузилишлар ва нохолисликлар юзасидан Миграция агентлигига мингга яқин мурожаат келиб тушган. Уларнинг маълум қисмида бевосита Азиз Тоштемиров фаолиятига оид ҳолатлар баён этилган.

Бунга жавобан, Тоштемиров агентлик матбуот котибига бир ойда 126 миллион сўмгача, бош бухгалтер ва кадрлар бўлими бошлиғига эса 100 миллион сўмгача ойлик тўлангани ҳақидаги иддаолар билан чиқиш қилди.

Эслатиб ўтамиз, Азиз Тоштемиров исми Kun.uzънинг 2023-йилги суриштирувларидан бирида тилга олинган эди. Видеотасвирларда кўринишича, у Кореяга ишлаш учун бориш истагидаги ўзбекистонликларни саралаб олиш жараёнида ўз танишларини бошқаларнинг ўрнига имтиҳонга киритган бўлиши мумкин.

**"Корея иши" бўйича суд**

29-июл куни жиноят ишлари бўйича Бектемир тумани судида Ўзбекистон фуқароларини Жанубий Кореяга ишга юборишни ташкил этишдаги эҳтимолий қонунбузилишлар билан боғлиқ жиноят ишини кўриб чиқиш бошланди. Иш бўйича 4 нафар собиқ давлат амалдорлари Жиноят кодексининг 210-моддаси 3-қисми "а" ва "б" бандлари (пора олиш), 243-моддаси (жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш), шунингдек, 301-моддаси 1-қисми (ҳокимиятни суиистеъмол қилиш, ҳокимият ваколатидан ташқарига чиқиш ёки ҳокимият ҳаракацизлиги) билан судланмоқда.

aziz toshtemirovbehzod musayevo'zbekiston-koreya migratsiyasitergovfiribgarlikmigratsiya agentligikorrupsiyaporaxo‘rlik