Марказий банк ҳузурида Исломий молия кенгаши ташкил этилди

Марказий банк ҳузурида Исломий молия кенгаши ташкил этилди
Марказий банк ҳузурида исломий молия фаолиятини мувофиқлаштирувчи Исломий молия кенгаши ташкил этилганлиги ҳақида регуляторнинг ахборот хизмати ма'лум қилди.
Кенгаш исломий банк хизматларини тақдим этувчи банклар, микромолия ташкилотлари, Омонатларни кафолатлаш агентлиги ва Марказий банк назорати остидаги бошқа ташкилотларнинг исломий молия фаолиятини мувофиқлаштирувчи коллегиал орган сифатида фаолият юритади.
Кенгаш таркиби 5 нафар ислом ҳуқуқи бўйича мутахассис ва техник экспертлардан иборат. Раис сифатида Саиджамол Масайитов, раис ўринбосари сифатида эса Муҳаммадаюбхон Ҳомидов тайинланган. Кенгаш а'золари орасида Ҳикматилла Тоштемиров, Абдуллатиф Турсунов ва техник эксперт Ахроржон Садуллаев ҳам мавжуд.
Кенгаш исломий молия стандартлари лойиҳаларини халқаро стандартлар ва маҳаллий шароитларни ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқади. Шунингдек, Марказий банкка исломий молия фаолиятини тартибга солиш ва назорат қилиш бўйича хулоса ва тавсиялар тақдим этади, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлашда иштирок этади.
Бундан ташқари, кенгаш банклар ва микромолия ташкилотларига исломий молия бўйича тавсиялар беради, улар билан маслаҳат учрашувлари ўтказади ва ААОИФИ йиғилишларида Марказий банк номидан қатнашиб, халқаро стандартлар лойиҳалари бўйича таклиф ва мулоҳазалар билдиради. Кенгаш ҳар йили Марказий банк бошқарувига ўз фаолияти бўйича йиллик ҳисобот тақдим этади.
Шавкат Мирзиёев 25-март куни банк тизимида исломий молия механизмларини жорий этиш бўйича тақдимот билан танишган эди. Унда соҳада тизимли бошқарувни йўлга қўйиш мақсадида Марказий банк ҳузурида Исломий молия кенгаши ташкил этилиши ҳақида ма'лумот берилган.
Шунингдек, исломий молия хизматларини кўрсатувчи банкларда ҳам алоҳида кенгашлар тузилиши режалаштирилган бўлиб, улар стандартлар ишлаб чиқиш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш ва мувофиқлик назоратини амалга ошириш билан шуғулланади.

