“Манчестер Сити” Родрига ўринбосар топиб қўйди

“Манчестер Сити” Родри кетганидан кейин унинг ўрнига янги футболчи топди.
Журналист Николо Скиранинг ижтимоий тармоқлардаги хабарига кўра, “Манчестер Сити” жамоани тарк этиш арафасида турган ярим ҳимоячи Родри ўрнига бошқа футболчи топди.
Манбага кўра, “Лилл” ярим ҳимоячиси Аюб Буадди “Сити”га ўтишга яқин турибди. Клуб ва футболчи 2031-йилнинг ёзигача амал қиладиган шартнома бўйича келишувга эришган.
Аввалроқ, франсуз клуби 18 ёшли футболчининг трансфери учун 100 миллион евро талаб қилаётгани хабар қилинган эди.
Ўтган мавсумда Буадди клуб миқёсидаги барча мусобақаларда 42 та ўйинда майдонга тушиб, битта голли узатмани амалга оширди. Футболчининг “Лилл” билан амалдаги шартномаси 2029-йил ёзигача амал қилади.
Трансфермаркт порталидаги маълумотларга кўра, футболчининг бозор қиймати 80 миллион еврони ташкил этади. 18 ёшли марокашлик футболчи 2026-йилги Жаҳон чемпионатида терма жамоа сафида бешта ўйинда майдонга тушган.

