Спорт

“Манчестер Сити” 90 млн еврога футболчи сотиб олади

“Манчестер Сити” 90 миллион еврога футболчи сотиб олишга тайёрланмоқда.

Англиянинг “Манчестер Сити” футбол клуби Франсиянинг “Лилл” жамоасидан 18 ёшли марокашлик яримҳимоячи Айюб Буаддини сотиб олиш бўйича музокараларни бошлади. Фичажес нашрининг хабар беришича, “шаҳарликлар” ушбу футболчи учун 90 миллион евро тўлашга тайёр.

Маълумотларга кўра, “Манчестер Сити” Буадди билан 2031-йилгача мўлжалланган шартнома бўйича келишувга эришган. Эндиликда асосий қадам “Лилл” билан трансфер нархини муҳокама қилишдан иборат. Клубнинг ёш яримҳимоячига қизиқиши жамоанинг асосий юлдузларидан бири Родри билан боғлиқ ноаниқликлар фонида юзага келган. Испаниялик футболчининг амалдаги шартномаси 2027-йил июн ойида якунига етади ва у ҳозирча шартномани узайтиришга рози бўлмаган. Шу сабабли, манчестерликлар испан футболчисига муносиб ўринбосар топишга ҳаракат қилмоқда.

Ўз навбатида, “Лилл” клуби 2025-йил декабр ойида Буадди билан шартномани 2029-йилгача узайтирган эди. Шу боис, франсуз клуби раҳбарияти ўйинчини арзон нархда сотиш ниятида эмас ва трансфер учун қарийб 100 миллион евро талаб қилмоқда. “Сити”нинг 90 миллион евролик таклифи франсузлар талабига анча яқин бўлганлиги сабабли, марокашлик футболчининг “шаҳарликлар” билан шартнома имзолаш эҳтимоли юқори баҳоланмоқда.

Қайд этиш жоизки, Айюб Буаддининг бозор қиймати тахминан 50 миллион еврога баҳоланмоқда. Якунланган мавсумда футболчи жами 42 та учрашувда майдонга тушиб, 1 та голли узатмага муаллифлик қилган. Ҳозирда футболчига “Сити”дан ташқари “Арсенал”, “Ливерпул”, “Челси” ва “Манчестер Юнайтед” каби клублар ҳам жиддий қизиқиш билдирмоқда. Бироқ, ўйинчи билан аллақачон келишиб олгани “Манчестер Сити”ни ушбу трансфер пойгасида яққол фаворитга айлантирган.

ayyub buaddilillemidfielderrodrifootball transfermanchester citypremier leaguemorocco