Маҳаллий

“Маҳаллада ободлик ва меҳр-саховат ойлиги” бошланганидан буён қарийб 350 та экологик ҳуқуқбузарлик аниқланди

Ўзбекистонда “Маҳаллада ободлик ва меҳр-саховат ойлиги” бошланганидан буён қарийб 350 та экологик қонунбузарлик ҳолати аниқланди. Бу ҳақда 5-август куни Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси маълум қилди.

Қўмита хабарига кўра, ушбу давр мобайнида Экополиция ва унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан дарахтларни ноқонуний кесиш ва шикастлаш билан боғлиқ 62 та ҳолат қайд этилган. Ҳуқуқбузарларга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 79-моддаси (дарахтларни, буталарни, бошқа ўсимликларни ва ниҳолларни қонунга хилоф равишда кесиш, кундаков қилиш, шикастлантириш, йўқ қилиш ёки бошқа жойга кўчириб ўтказиш) талаблари асосида маъмурий жарималар қўлланилиб, атроф-муҳитга етказилган зарар миқдори ҳисоблаб чиқилган.

Жумладан, 3-август куни дарахтларни ноқонуний кесиш ва шикастлаш билан боғлиқ 5 та ҳолат аниқланиб, айбдорларга маъмурий жарималар белгиланган. Бу қонунбузарликлар Бухоро, Самарқанд, Сирдарё, Тошкент вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида рўйхатга олинган.

Чиқиндилар билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларга қарши курашишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ҳисобот даври бошидан буён Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 91-моддаси (саноат чиқиндиларини, маиший чиқиндиларни ва бошқа чиқиндиларни тўплаш, ташиш, жойлаштириш, зарарсизлантириш, сақлаш, утилизация қилиш, қайта ишлаш, реализация қилиш чоғида табиатни муҳофаза қилиш талабларини бузиш) асосида чиқиндилар билан муомала қилиш қоидаларини бузганлик учун 285 та ҳолатда маъмурий жарималар қўлланилган.

Фақатгина 3-август куни чиқиндилар билан муомала қилиш қоидаларини бузиш бўйича 17 та ҳолат аниқланган. Ушбу қонунбузарликлар Қорақалпоғистон Республикаси, Навоий, Самарқанд, Сурхондарё, Тошкент ва Хоразм вилоятлари, шунингдек, Тошкент шаҳрида қайд этилган.

Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси дарахтларни ноқонуний кесиш, уларга шикаст етказиш ҳамда чиқиндилар билан муомала қилиш қоидаларига риоя этмаслик атроф-муҳитга жиддий зарар етказишини ва амалдаги қонунчиликда белгиланган жавобгарликка сабаб бўлишини эслатиб ўтди.

uzbekistanenvironmental protectionwaste managementenvironmental violationsenvironmental damageillegal tree cuttingecology committeeadministrative fines