Иқтисодиёт

Луфтҳанса соф фойдаси кескин қисқарди

Германиянинг Луфтҳанса йирик авиакомпанияси 2026-йилнинг иккинчи чорагида соф фойдаси ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 88 фоизга камайганини маълум қилди. Компания молиявий натижаларнинг ёмонлашишига ёнилғи нархининг кескин ошиши ва учувчиларнинг иш ташлашлари асосий сабаб бўлганини қайд этди.

Луфтҳанса компаниясининг соф фойдаси сезиларли даражада камайди.

Компаниянинг 4-август куни эълон қилинган молиявий ҳисоботига кўра, иккинчи чоракда Луфтҳансаънинг соф фойдаси 123 миллион еврога тушган. Операцион фойда эса 56 фоизга қисқариб, 383 миллион еврони ташкил этган.

Шу билан бирга, компания даромади 8 фоизга ўсиб, 11,1 миллиард еврога етган. Бироқ тушумнинг ошиши харажатларнинг кескин кўпайишини қоплаш учун етарли бўлмаган.

Компания ҳисоб-китобларига кўра, ёнилғи харажатлари кутилганидан 750 миллион еврога кўпроқни ташкил этган. Учувчиларнинг иш ташлашлари эса авиаташувчига яна 150 миллион евро зарар келтирган.

Луфтҳанса раҳбарияти мазкур ҳолат АҚШ ва Эрон ўртасидаги можаро ортидан авиация ёнилғиси нархининг ошиб кетгани билан ҳам боғлиқ эканини таъкидлади. Шу сабабли компания 2026-йил якунида ҳам фойда камайиши мумкинлигидан огоҳлантирди.

Молиявий ҳисобот эълон қилингач, Луфтҳанса аксиялари биржа савдоларида 10 фоиздан ортиқ арзонлади.

Компания молия директори Тилл Штрайхертнинг айтишича, авиация керосини нархи ошиб кетиши туфайли юзага келган қўшимча харажатларнинг тахминан 60 фоизини авиачипталар нархини ошириш ҳисобига қоплашга муваффақ бўлинган. Унинг сўзларига кўра, яқин ойларда чипталар нархи яна ошиши эҳтимоли юқори.

Бош директор Карстен Шпор эса, нархлар қимматлашганига қарамай, авиақатновларга талаб юқорилигича қолаётганини билдирди.

Шу билан бирга, техник хизмат кўрсатиш ва юк ташиш билан шуғулланувчи Луфтҳанса таркибидаги компаниялар молиявий натижаларга ижобий ҳисса қўшган. Аммо авиакомпаниянинг рақобатчилари - Аир Франсе-КЛМ ва ИАГ (Бритиш Аирвайс эгаси) фойданинг нисбатан камроқ қисқарганини маълум қилган.

Компания айрим йўналишларда Эрон атрофидаги вазиятдан ҳам иқтисодий жиҳатдан фойда кўрган. Можаро сабаб Эмиратес ва Қатар Аирвайс каби Форс кўрфази авиакомпаниялари ўз ҳаблари фаолиятини вақтинча чеклагани учун Европа авиаташувчилари Осиё йўналишларида чипта сотишдан кўпроқ даромад олган.

Бироқ Луфтҳанса раҳбариятининг қайд этишича, Форс кўрфази авиакомпаниялари ҳозирда барча рейсларни қайта тиклаган ва бозорда рақобатни кучайтириш мақсадида яна жозибадор тарифларни таклиф этмоқда.

Шу йил апрел ойида Луфтҳанса ёнилғи харажатларининг ошиши ва касаба уюшмалари билан меҳнат низолари сабабли ўзининг минтақавий СитйЛине авиакомпанияси фаолиятини тўхтатишини эълон қилган эди.

competitionticket pricesfinancial resultslufthansafuel costspilot strikesairline industrystock market