Литва иккита давлат санъаткорларига урушга қарши декларация имзолатади

Литва Россия ва Беларус санъаткорларидан урушга қарши декларация имзолашни талаб қилади.
Литва Ташқи ишлар вазирлиги миллий санксиялар тўғрисидаги қонунни кучайтиришни таклиф қилди. Унга кўра, мамлакатга оммавий тадбирлар учун келадиган Россия ва Беларус маданият арбобларидан урушга қарши декларацияни имзолаш талаб этилади. Бу ҳақда Медуза хабар берди.
Ташқи ишлар вазирлиги БНС агентлигига берган баёнотида, охирги муҳокамалар аниқроқ тартиб-қоидалар зарурлигини кўрсатганини билдирди. Агрессияни қўллаб-қувватловчи шахсларнинг таълим, фан, маданият, спорт, санъат ва кўнгилочар соҳалардаги иштироки бўйича аниқ тартиб ўрнатилади. Вазирлик ушбу муассасаларга аниқ ҳуқуқий асос яратиб бермоқчи.
**Кимларга Литвага кириш тақиқланади?**
Қонунга киритиладиган тузатишларга кўра, қуйидаги шахсларга Литвага киришга рухсат берилмайди:
* Россия томонидан эгаллаб олинган Украина ҳудудларида оммавий фаолият олиб борганлар;
* урушни тўғридан-тўғри ёки билвосита қўллаб-қувватлаганлар ёки унда қатнашганлар;
* Украинанинг ҳудудий яхлитлиги, суверенитети ва мустақиллигига путур етказувчи сиёсат юритувчилар;
* Россия ва Беларусда инсон ҳуқуқларининг қўпол равишда бузилишини, фуқаролик жамияти ҳамда демократик кучларга нисбатан тазьиқларни қўллаб-қувватлайдиганлар.
**Декларация шартлари ва бошқа чекловлар**
Ташқи ишлар вазирлиги Литвага келадиган маданият арбобларини махсус декларацияни имзолашга таклиф қилади. Ушбу ҳужжатда Россиянинг Украинага қарши тажовузини қоралаш кўзда тутилган. Шунингдек, БМТ низомини ҳамда Украинанинг халқаро тан олинган чегараларидаги мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлаш лозим бўлади.
Ушбу декларация жамоатчилик учун очиқ ҳолда чоп этилади. Ҳужжатни имзолашдан бош тортганларга мамлакатга кириш тақиқланади. Бундан ташқари, Ташқи ишлар вазирлиги Литвада яшаш гувоҳномасига эга бўлган Россия ва Беларус фуқароларига миллий хавфсизлик учун муҳим бўлган обьектлар ҳамда ҳарбий полигонлар яқинидан кўчмас мулк сотиб олишни тақиқлашни таклиф қилмоқда. Ушбу тузатишлар 2027-йил 1-январдан кучга кириши мумкин.
Аввалроқ Литва конституциясидан ядро қуролига қўйилган тақиқ олиб ташланиши режалаштирилаётгани ҳақида хабар берилганди.

