Кинода ҳам, мусиқада ҳам муваффақият қозонган Голливуд юлдузлари (видео)

**Кинода ҳам, мусиқада ҳам муваффақият қозонган Голливуд юлдузлари (видео)**
Голливуд киносининг илк даврларида актёрларнинг мусиқий қобилиятга эга бўлиши одатий ҳол эди. Бироқ вақт ўтиши билан бу икки йўналишни бирдек олиб борувчи ижодкорлар камайиб кетди. Сўнгги йилларда мюзикл жанридаги филмларнинг қайта оммалашуви туфайли вокал маълумотларига эга актёрларга талаб ортмоқда. Қуйида қўшиқ куйлаш маҳорати билан ҳам танилган кино юлдузлари ҳақида маълумот берилади.
**Раян Гослинг**
Фото: “Kino.mail.ру”
Актёр Раян Гослингнинг куйлаш қобилиятига эга эканлиги кўпчиликка режиссёр Демиен Шазеллнинг “Ла-Ла Ленд” филмидан кейин маълум бўлди.
Гослинг мусиқий иқтидорини болалигиданоқ намоён эта бошлаган. У дастлаб Канададаги маҳаллий танловларда қатнашган, кейинчалик эса Дисней Чаннел телеканалининг “Микки Маус клуби” болалар шоусига қабул қилинган. Ушбу кўрсатувда у таниқли хонандалар Бритни Спирс ва Жастин Тимберлейк билан бирга фаолият юритган.
Гослинг профессионал мусиқачи бўлмасада, “Ла-Ла Ленд” филмида вокал ва рақс саҳналарини ўзи ижро этган. Ушбу картина актёрга фаолиятидаги биринчи “Оскар” мукофотини тақдим этган. Кейинчалик у “Барби” филмида Кен ролини ўйнаб, ўзи ижро этган “Иъм жуст Кен” қўшиғи билан ижтимоий тармоқларда оммалашди.
**Скарлетт Ёҳанссон**
Фото: “Kino.mail.ру”
“Қасоскорлар”, “Хавфли нуқта” ва “Таржима қийинчиликлари” каби филмлар орқали танилган актриса Скарлетт Ёҳанссон ижодий фаолияти давомида қўшиқ ҳам куйлаган.
Томошабинлар унинг мусиқий ижросини илк бор 2013-йилда, режиссёр Спайк Жонснинг “У” филмидаги “Тҳе Моон Сонг” қўшиғида эшитишган. Шунингдек, у “Куйла” мултфилмидаги Эш исмли қаҳрамонга овоз бериб, бир нечта саундтрекларни ижро этган.
Ёҳанссоннинг ҳисобида иккита тўлиқ студиявий албом бор. Унинг 2008-йилда чиққан “Анйвҳере И Лай Мй Ҳеад” номли дебют албоми асосан Том Вейц қўшиқларининг кавер версияларидан иборат бўлиб, унда рок юлдузи Девид Боуи ҳам бек-вокалчи сифатида иштирок этган. 2009-йилда у Пит Ёрн билан дует тарзида “Бреак Уп” номли иккинчи албомини тақдим этган.
**Ҳю Лори**
Фото: “Kino.mail.ру”
“Доктор Ҳаус” сериалидаги шифокор роли билан машҳур бўлган актёр Ҳю Лори профессионал даражада блюз ижрочиси ҳисобланади. У актёрлик билан бирга мусиқий карьерасини ҳам муваффақиятли йўлга қўя олган.
Лори болалигидан мусиқа билан шуғулланган бўлиб, фортепиано, гитара, барабан, саксофон ва лаб гармошкасини чалишни билади. 2006-йилда у телевизион актёрлардан ташкил топган “Банд Фром ТВ” рок-гуруҳига аъзо бўлган. Гуруҳ ижро этган композициялардан бири “Доктор Ҳаус” сериалида саундтрек сифатида ҳам ишлатилган.
2011-йилда актёр ўзининг “Лет Тҳем Талк” дебют албомини чиқарди ва у Буюк Британия ҳамда АҚШ мусиқий чартларининг юқори ўнталигига кирди. Ўзининг иккинчи — “Диднът Ит Раин” (2013) албоми билан у мусиқашунослар томонидан созанда ва хонанда сифатида эътироф этилди.
**Ҳю Жекман**
Фото: “Kino.mail.ру”
Актёр Ҳю Жекман томошабинларга асосан жангари филмлардаги, хусусан, “Росомаха” образи орқали таниш бўлсада, у мукаммал вокал маълумотларига эга. Шунингдек, у гитара, фортепиано ва скрипка чалишни ўзлаштирган.
Жекман ўзининг мусиқий қобилиятини Том Хупернинг “Хўрланганлар” филм-мюзиклида Жан Валжан ролини ижро этиш жараёнида кўрсатган. Мазкур роли учун актёр “Олтин глобус” мукофотини қўлга киритган ва “Оскар” номинациясига лойиқ кўрилган.
Аслида Жекман ўз фаолиятини Австралия ва Бродвейдаги мюзикллардан бошлаган. “Оз ўлкасидан келган бола” спектаклидаги иштироки учун у театр йўналишидаги нуфузли “Тони” мукофоти билан тақдирланган. Актёр, шунингдек, “Буюк шоумен” мусиқий филмида ҳам бош ролни ўйнаган ва қўшиқлар ижро этган.
**Жеки Чан**
Фото: “Kino.mail.ру”
Кино оламида 100 дан ортиқ филмларда суратга тушган ва трюкларни ўзи ижро этиши билан танилган Жеки Чаннинг мусиқий албомлари сони 20 тага етади.
Актёр 6 ёшида Гонконгдаги Пекин операси мактабига ўқишга бора бошлаган ва мусиқий саводхонликни ўша ерда ўрганган. У 1980-йиллардан бошлаб ўзи суратга тушган “Полиция воқеаси”, “Мен кимман?” ва “Мўжизавий аслаҳалар” каби филмларга саундтреклар ёзишни бошлаган. Крис Такер билан бирга ишлаган “Тиғиз вақт” трилогиясида ҳам унинг ижросидаги қўшиқлар янграган.
1984-йилда унинг кантон шевасидаги “Лове Ме” дебют албоми Осиё давлатларида оммалашди. Кейинчалик у мандарин, япон ва инглиз тилларида ҳам қўшиқлар ёзди. Жеки Чан ўз клипларида қўшиқ ижросини мураккаб акробатик ҳаракатлар билан бирга олиб боради. Унинг мусиқий фаолиятидаги энг йирик чиқиши 2008-йилги Пекин Олимпиадасининг очилиш маросимида “Ве аре реадй” қўшиғини жонли ижро этгани бўлган.

