Кенияда 15 та фил сирли тарзда нобуд бўлди

Кения ҳукумати Амбосели миллий боғида бир ой ичида 15 та филнинг сирли ўлими сабабларини ўрганмоқда. Бу ҳақда Тҳе Гуардиан нашри хабар берди.
Кения Ёввойи табиатни муҳофаза қилиш хизмати маълумотларига кўра, ҳалок бўлган филларнинг 10 тасида ўлимидан икки кун аввал қисман фалажлик белгилари кузатилган. Қолган 5 та филнинг жасади жуда чириган ва йиртқичлар томонидан еб ташланганлиги сабабли уларнинг ўлим сабабини аниқлаш имкони бўлмаган.
Қурбонларнинг аксарияти урғочи филлар ва уларнинг болалари бўлиб, улар орасида фақат битта эркак фил борлиги айтилмоқда. Расмийларнинг сўзларига кўра, ўлим ҳолатлари парк атрофидаги Кимана қўриқхонаси ва Куку фермаси ҳудудларида қайд этилган.
Илгари Кенияда браконерлик ва одамлар ҳамда ёввойи табиат ўртасидаги зиддиятлар туфайли филларнинг заҳарли моддалардан нобуд бўлиш ҳолатлари кузатилган.
**Лаборатория таҳлиллари ва экологик текширувлар**
Найроби университети лабораторияси филлардан олинган намуналарда потенциал заҳарли модда борлигини аниқлаган. Бироқ, ҳукумат лабораторияси томонидан ўтказилган алоҳида таҳлиллар заҳарли моддаларни кўрсатмади. Ёввойи табиатни муҳофаза қилиш хизмати қўшимча текширувлар давом этаётганини билдирди.
Ташкилот баёнотида шундай дейилади: “Филларнинг умумий манбадан заҳарланганини аниқлаш учун атроф-муҳит бўйича ҳам суриштирувлар ўтказилмоқда. Жумладан, сув манбалари ва бошқа эҳтимолий ифлослантирувчи омиллар таҳлил қилинмоқда”.
Расмийлар ушбу касалликнинг одамларга юқиши бўйича ҳеч қандай далил йўқлигини айтиб, аҳолини тинчлантиришга ҳаракат қилди. Аммо филларнинг оммавий ўлими маҳаллий аҳоли ва ҳокимият органларида хавотир уйғотмоқда. Кажиадо округи губернатори Жозеф Оле Ленку минтақада илгари бундай ҳодиса ҳеч қачон бўлмаганини таъкидлади. У Ёввойи табиатни муҳофаза қилиш хизматидан суриштирув натижаларини тезроқ эълон қилишни талаб қилди.
Амбосели боғи ўзининг филлари ва саҳро манзаралари билан дунёга машҳур. Боғдан чегаранинг нариги томонидаги (Танзаниядаги) Килиманжаро тоғи кўриниб туради. Ҳисоб-китобларга кўра, паркда 2000 га яқин фил яшайди. Аввалроқ Непалда фил 14 йил давомида бир оилани таъқиб қилиб, унинг тўрт нафар аъзосини ўлдиргани ҳақида хабар берилганди.

