Июл ойида Россиядан қарийб 600 нафар ўзбекистонлик ватанга қайтарилди

Июл ойида Россиядан қарийб 600 нафар ўзбекистонлик ватанга қайтарилди.
Миграция агентлигининг Москвадаги ваколатхонаси жорий йилнинг июл ойида Россияда меҳнат қилаётган 860 нафар фуқарога ҳуқуқий ва амалий ёрдам кўрсатди. Бу ҳақда Миграция агентлиги ахборот хизмати хабар берди.
Маълумотларга кўра, ўтган ойда 64 нафар ўзбекистонликнинг 4 миллион рубл миқдоридаги ушлаб қолинган иш ҳақи ундириб берилган. Шунингдек, 53 кишига ватанга қайтиш гувоҳномаси расмийлаштирилган бўлса, 31 нафар фуқаронинг иш берувчи томонидан олиб қўйилган ҳужжатлари қайтариб берилган.
Бундан ташқари, 774 нафар фуқаро ижтимоий қўллаб-қувватланган. Улардан 597 нафари (110 нафар аёл ва 228 нафар вояга етмаган фарзанди) Ўзбекистонга қайтарилган, 91 нафарига бир марталик моддий ёрдам ажратилган. Бошпанасини йўқотган 83 нафар фуқаро бир ойлик бепул ётоқхонага жойлаштирилган, ўткир касалликка чалинган 3 кишининг даволаниш харажатлари қисман қоплаб берилган.
Қўшимча қилинишича, ишсиз қолган 220 нафар ўзбекистонлик 7 та корхонага ишга жойлаштирилган.
Ваколатхона Россияда иш ҳақи тўланмаслиги, ҳужжатлар билан боғлиқ муаммолар ёки иш берувчи билан низоларга дуч келган фуқароларни расмий рақамларга ёки ваколатхона биносига мурожаат қилишга чақирган.
Аввалроқ, 2026-йилнинг биринчи ярмида Россияга ишлаш мақсадида борган Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон фуқаролари сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 15 фоизга камайгани хабар қилинганди. Бунга Украинага қарши уруш ҳам таъсир қилмоқда. Уруш бошланганидан буён мигрантларни Россия армияси сафига урушга ёллаш ҳолатлари бир неча бор кузатилган.

