Ҳатто фантастика ишқибозлари бўлмаганлар ҳам кўриши керак бўлган 10 та филм

Ҳатто фантастика жанрига қизиқмайдиганлар ҳам кўриши шарт бўлган 10 та филм
Соллидер нашри илмий фантастика ихлосмандлари бўлмаган томошабинлар учун 10 та филмни танлаб олди. Нашр муаллифларининг фикрича, бу филмлар футуристик технологиялар ёки мураккаб илмий ғоялардан кўра, кучли сюжет, ҳиссиёт, ҳазилга эътибор қаратади.
Рўйхатнинг биринчи поғонасини 2018-йилда суратга олинган “Сокин маскан” эгаллади. Танқидчиларнинг таъкидлашича, Жон Красински режиссёрлигидаги ушбу филм илмий фантастика ва даҳшат жанрларини муваффақиятли бирлаштирган. Овозга таъсирчан махлуқлар яшайдиган дунё аслида омон қолишга уринаётган оила ҳикояси учун фон вазифасини ўтайди. Минимал диалоглар, таранг режиссёрлик иши ва оилавий драма филмни ҳатто фантастикани ёқтирмайдиган томошабинлар учун ҳам жозибадор қилади.
Иккинчи ўринни 2014-йилги “Интерстеллар” филми банд этди. Гарчи филмда космик саёҳатлар, “қора туйнуклар” ва бошқа илмий-фантастик элементлар мавжуд бўлса-да, Соллидер уни, аввало, фалсафий мазмунга эга саргузашт филми деб баҳолаган. Кучли операторлик иши ва ҳиссиётларга бой воқеалар уни кенг аудитория учун тушунарли ва қизиқарли қилади.
Учинчи ўринни эса 2008-йилда яратилган “ВАЛЛ-И” мултфилми эгаллади. Нашр Пихар студияси роботлар ҳақидаги оддий фантастик ҳикояни эмас, балки меҳр, ёлғизлик ва сайёрага ғамхўрлик мавзуларини ёритган таъсирчан мултфилм яратганини таъкидлади. Шунингдек, анимация сифати ва бош қаҳрамонларнинг ҳиссий ифодаси ҳам алоҳида эътироф этилган.
Рўйхатнинг дастлабки бешлигидан 1982-йилги “Ўзга сайёралик” ва сунъий интеллект ҳамда онг масалаларини ёритувчи 2014-йилги “Машинадан” филмлари ҳам ўрин олган.
Тўлиқ рейтинг қуйидагича:
1. “Сокин маскан” (2018)
2. “Интерстеллар” (2014)
3. “ВАЛЛ-И” (2008)
4. “Ўзга сайёралик” (1982)
5. “Машинадан” (2014)
6. “Келажакка қайтиб” (1985)
7. “Ўзга сайёралик” (1979)
8. “Келиш” (2016)
9. “Галактика қўриқчилари” (2014)
10. “Тинч океани чегараси” (2013)

