Германияда хавфсизликка оид хавотирлар кучайди
Германияда ўтказилган АРД Деуцчландтренд сўровномаси мамлакат аҳолиси орасида хавфсизлик, террорчилик ва миграция масалалари бўйича хавотирлар кучайганини кўрсатди. Шу билан бирга, ҳукумат фаолиятидан норозилик юқори даражада сақланиб қолмоқда ва ўнгчи «Германия учун муқобил» (АфД) партиясининг оммавий қўллаб-қувватланиши ортиб бормоқда.

Германияда хавфсизликка оид ташвишлар сезиларли даражада ошди. АРД Деуцчландтренд томонидан ўтказилган ойлик ижтимоий сўров натижаларига кўра, ҳар уч немисдан бири террорчилик ҳужуми қурбони бўлишдан хавотирда. Бу ҳолат 25-июл куни Берлинда содир этилган терактдан сўнг хавфсизлик масаласи мамлакат сиёсий кун тартибида устувор аҳамият касб этганини кўрсатади.
Сўровда қатнашганларнинг 69 фоизи террорчилик хуружлари хавфини юқори деб баҳолаган. Бундан ташқари, 56 фоиз ўнг экстремистлар, 50 фоиз эса сўл экстремистлар томонидан ҳужумлар содир этилиши мумкинлигидан хавотир билдирган.
Миграция сиёсати борасида ҳам қатъий фикрлар кузатилган. Немисларнинг 71 фоизи 2024-йилдан буён амал қилаётган чегара назоратини давом эттиришни қўллаб-қувватлайди. Шу билан бирга, 59 фоиз миграция муаммосини миллий эмас, балки Европа Иттифоқи даражасида биргаликда ҳал қилиш самаралироқ деб ҳисоблайди.
Сиёсий рейтингларда эса ўнгчи "Германия учун муқобил" (АфД) партияси ўз мавқеини мустаҳкамлашда давом этмоқда. Сўровга кўра, партия рейтинги 28 фоизга етган бўлса, ХДИ/ХСИ консерватив блоки 21 фоиз билан тарихий паст кўрсаткичлардан бирини қайд этган. Қолган партиялар рейтинги деярли ўзгармаган.
Тадқиқот шуни ҳам кўрсатдики, федерал ҳукумат фаолиятидан немисларнинг 85 фоизи норози. Респондентларнинг 68 фоизи яқиндаги кадрлар алмашинувидан кейин ҳам вазият яхшиланмаслигига ишонади. Шунингдек, аҳолининг 55 фоизи Германияда туб ўзгаришлар амалга оширилишини хоҳлашини билдирган.
Сўров натижаларига кўра, айниқса АфД тарафдорлари ўзларига нисбатан адолациз муносабатда бўлинаётганини ҳис қилади. Уларнинг 70 фоизи жамиятда ўз улушидан камроқ имконият ва манфаатларга эга эканини айтган. Бутун мамлакат бўйича эса респондентларнинг 43 фоизи ўзини бошқаларга нисбатан камроқ имкониятларга эга деб ҳисоблайди.

