Спорт

Футболдаги ислоҳотлар: Осиё Кубогидаги ғолиблик реал имкониятми ёки орзу?

2027 йилги Осиё Кубоги Ўзбекистон миллий терма жамоаси учун навбатдаги йирик мусобақа эмас. Бу турнир

Футболдаги ислоҳотлар: Осиё Кубогидаги ғолиблик реал имкониятми ёки орзу?

2027-йилги Осиё Кубоги Ўзбекистон миллий терма жамоаси учун шунчаки навбатдаги йирик мусобақа эмас. Бу турнир мамлакатда сўнгги йилларда амалга оширилган футбол ислоҳотларининг ҳақиқий самарасини кўрсатадиган муҳим синовга айланиши мумкин. Ўзбекистон яқинда мустақиллигининг 35 йиллигини нишонлайди. Ўтган давр мобайнида спортга, хусусан, футболга давлат даражасида катта эътибор қаратилди. Шу боис, бу эътиборнинг натижаларини кўрадиган вақт келди, деб бемалол айтиш мумкин.

Ўзбекистон футболи тарихида биринчи марта жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритгани тасодиф эмас. Бу натижа бир неча йил давомида давлат сиёсати даражасига кўтарилган футбол ислоҳотлари, инфратузилмага йўналтирилган сармоялар, ёшлар академиялари фаолияти ва бошқарув тизимидаги ўзгаришларнинг мантиқий давомидир.

Аммо энг катта савол ҳали ҳам очиқ қолмоқда: бу ўсиш Осиё Кубогида чемпионлик учун етарлими?

Сўнгги йилларда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида футболни ривожлантириш давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бирига айланди. Бу жараён фақат катталар футболи билан чекланиб қолмади.

Янги футбол академиялари ташкил этилди, болалар ва ўсмирлар футболига эътибор кучайтирилди, ҳакамлик тизими такомиллаштирилди, ВАР технологияси жорий қилинди, футбол соҳасини рақамлаштириш бўйича алоҳида қарорлар қабул қилинди. Суперлига клубларининг молиявий барқарорлигини таъминлаш, иқтидорли футболчиларни аниқлаш ва хорижда ўйнаётган футболчиларни қўллаб-қувватлаш ҳам устувор вазифалар сифатида белгиланди.

Бу ўзгаришлар натижасида Ўзбекистон нафақат кучли терма жамоага, балки халқаро мусобақаларни қабул қилиш имкониятига эга футбол мамлакатига ҳам айланмоқда. 2027-йилги У-17 Осиё чемпионатига мезбонлик ҳуқуқининг қўлга киритилиши ҳам халқаро футбол ташкилотларининг мамлакат инфратузилмасига бўлган ишончини кўрсатади.

Ҳозирги терма жамоа Ўзбекистон мустақиллик тарихидаги энг кучли таркиблардан бири сифатида баҳоланмоқда.

Европа чемпионатларида ўйнаётган футболчилар сони ортди. Элдор Шомуродов каби тажрибали етакчилар билан бир қаторда ёш авлод ҳам халқаро майдонда тобора кўпроқ тажриба тўпламоқда. "Манчестер Сити"даги Абдуқодир Ҳусанов Европанинг етакчи ҳимоячиларидан ҳисобланади. Муҳаммадали Ўринбоев Белгиянинг "Антверпен"ида ўйнамоқда, Аббосбек Файзуллаев Шомуродов билан бирга Туркиянинг "Башакшеҳири"да тўп суряпти. Яқиндагина Жаҳонгир Ўрозов Қозоннинг "Рубин" клуби сафига ўтди. Шунингдек Португалиянинг "Брага" жамоасида фаолиятини бошлаган Сайфиддин Содиқов ва Садриддин Ҳасановлардан ҳам умид катта.

Энг муҳими, терма жамоада авлодлар алмашинуви оғриқсиз кечмоқда. Илгариги йилларда бир-икки етакчи футболчига қарам бўлган жамоа энди ҳар бир чизиқда рақобатга эга. Бу эса узоқ давом этадиган турнирларда ҳал қилувчи аҳамият касб этади.

Шунга қарамай, Осиё Кубогида ғолиб чиқиш осон вазифа эмас. Қитъада Япония, Жанубий Корея, Эрон, Австралия каби мунтазам равишда жаҳон даражасида рақобатлашаётган терма жамоалар мавжуд.

Ўзбекистон улар билан нафақат техника ёки жисмоний тайёргарлик, балки ҳал қилувчи учрашувлардаги психологик барқарорлик, катта турнир тажрибаси ва совуққонлик борасида ҳам рақобатлаша олиши лозим.

Жаҳон чемпионатига чиқиш билан Осиё Кубогида чемпион бўлиш ўртасида катта фарқ бор. Биринчиси саралаш босқичида барқарорликни талаб қилса, иккинчиси қисқа муддатли плей-оффларда ҳар бир хатонинг баҳоси жуда юқори бўлган мусобақадир.

Энди бевосита Осиё Кубогида ғалаба қозониш мақсадига келсак. Агар бу савол беш-олти йил аввал берилганида, жавоб аниқ эди – орзу.

Бугун эса вазият мутлақо ўзгарган.

Ўзбекистон энди Осиё Кубогига сенсация қилиш учун эмас, чемпионлик учун даъвогар сифатида бормоқда. Бу мақом жаҳон чемпионатига чиқиш, футбол инфратузилмасининг ривожланиши ва давлат томонидан изчил қўллаб-қувватланаётган ислоҳотлар натижасида қўлга киритилди.

Албатта, Ўзбекистонни турнирнинг асосий фаворити деб айтишга ҳали эрта. Аммо чемпионлик учун курашадиган 4-5 жамоа қаторида бўлиш – табиий воқеликдир.

Шу маънода, "Осиё Кубогида ғолиблик орзуми?" деган саволга жавоб ҳам ўзгарди.

Энди бу орзу эмас.

Бу – амалга ошиши мумкин бўлган реал мақсаддир. Фақат тўғри тайёргарлик, тўғри стратегия ва ҳал қилувчи баҳсларда характер намойиш этилса бўлгани, Осиё Кубоги бизники бўлади!

Бизга тарихдаги илк мундиал йўлланмасини тақдим эта олган йигитлар бу ишнинг ҳам уддасидан чиқа олишларига ишонамиз!

national teamuzbekistan footballfootball developmentworld cup qualificationasian cupfootball reformsyouth academiesinternational players