Спорт

ФИФА Европа лигалари томонидан жиддий қаршиликка учради

ФИФА Европа лигаларининг жиддий қаршилигига дуч келди.

Европа профессионал футбол лигалари ассоциацияси (Эуропеан Леагуес) ФИФА бошқарув тизимида ислоҳотлар амалга оширилмагунча, ташкилотнинг мавжуд мусобақаларни ўзгартириш ёки янги турнирлар ташкил этишга оид қарорларини қўллаб-қувватламаслигини эълон қилди. Бу ҳақда ассоциация матбуот хизмати хабар берди.

Баёнотда таъкидланишича, ФИФА президенти Жанни Инфантинонинг ФИФА Форвард Энтерприсе (ФФЕ) лойиҳасидан воз кечиши футбол жамоатчилигининг кескин танқидидан кейинги ягона мантиқий қарор бўлган.

Шу билан бирга, Лигалар ассоциацияси ушбу ғоянинг оммавий равишда рад этилиши ва қарор қабул қилиш жараёнининг шаффоф бўлмагани ФИФА бошқарув тизими, ички маданияти ҳамда қарорлар қабул қилиш тартиби бўйича жиддий саволларни юзага келтираётганини қайд этди.

Ассоциация, шунингдек, 30-июл куни ФФЕ атрофидаги можаро фонида ФИФА миллий футбол ассоциацияларига 2030-йилги Жаҳон чемпионатини 64 та жамоага кенгайтириш имкониятини ўрганишга доир ҳужжат юборганини танқид қилди.

Лигалар ассоциациясига кўра, бу таклифни баҳолаш учун атиги тўрт ҳафта вақт ажратилгани амалий жиҳатдан нотўғри бўлиб, энг кўп таъсир кўрадиган томонлар — лигалар, клублар ва футболчилар билан умуман маслаҳатлашилмаган.

Баёнотда Жанни Инфантинонинг сўнгги ташаббуслари “бузғунчи” сифатида баҳоланган.

“ФИФА лигалар, клублар, футболчилар ва мухлислар манфаатларига зид бўлган бир томонлама қарорларни қабул қилишда давом этмаслиги керак. Бугунги кунда ФИФА ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ бошқарув ислоҳотларига муҳтож. Бундай ислоҳотлар футболдаги барча манфаатдор томонларнинг қарорлар қабул қилиш жараёнида расмий иштирокини таъминлаши лозим”, дейилади баёнотда.

Ассоциациянинг эслатишича, айнан шундай тизимли муаммолар сабабли 2024-йил октабр ойида Эуропеан Леагуес Европа комиссиясига ФИФА устидан расмий шикоят киритган. Унда ФИФА бир вақтнинг ўзида ҳам тартибга солувчи орган, ҳам тижорат оператори сифатида фаолият юритаётгани манфаатлар тўқнашувига олиб келаётгани таъкидланган.

Лигалар ассоциацияси вакиллари сўнгги икки йил давомида Европа комиссияси билан самарали учрашувлар ўтказилганини ва комиссия адолатли рақобатни ҳимоя қилиш ҳамда Европа Иттифоқи суди тамойилларига риоя этилишини таъминлаш бўйича зарур чораларни кўришига ишонч билдирган.

Ассоциациянинг якуний баёнотида футболдаги барча манфаатдор томонлар билан ҳуқуқий жиҳатдан мажбурий маслаҳатлашув тизими жорий этилмагунча, Эуропеан Леагуес ФИФА шафелигидаги мусобақаларни кенгайтириш ёки янги турнирлар ташкил этиш бўйича ҳар қандай ташаббус рад қилиниши қайд этилган.

Аввалроқ Тҳе Телеграпҳ нашри УЕФА Жанни Инфантино истеъфога чиқишни рад эца, унга нисбатан ишончсизлик вотуми эълон қилиш орқали ФИФА президентлигидан четлатишга уриниши мумкинлиги ҳақида хабар берганди.

Бунга Инфантинонинг жаҳон чемпионатининг тижорат ҳуқуқларидаги улушни хусусий инвесторларга сотиш режалари сабаб бўлган. Ушбу ташаббус УЕФА, КОНКАКАФ, Осиё футбол конфедерацияси (ОФК) ва КОНМЕБОЛ томонидан рад этилган. Шундан сўнг ФИФА президенти мазкур лойиҳадан воз кечишга мажбур бўлди.

Инфантинонинг режасига кўра, ФИФА Форвард Энтерприсе компанияси ФИФАнинг эркаклар ва аёллар ўртасидаги асосий мусобақаларини тижорий жиҳатдан бошқариши керак эди. ФИФА ҳисоб-китобларига кўра, ушбу лойиҳа ташкилотга 4,2 миллиард доллар инвестиция жалб қилиши мумкин эди. Бироқ ташаббус футбол раҳбарлари, федерациялар ва бошқа ташкилотлар томонидан кескин танқид қилинди. Журналист Ромен Молина эса Инфантино ташкилот ичидаги қўллаб-қувватловни йўқотгани сабаб яқин орада лавозимини тарк этиши мумкинлигини маълум қилган.

fifauefagianni infantinofootball governancefifa forward enterprisefootball reformseuropean leaguesworld cup expansion