Маҳаллий

Фарғонада ҳамкасбига шилқимлик қилган шифокор 5 суткага қамалди

Фарғонада ҳамкасбига шилқимлик қилган шифокор 5 суткага қамалди

Фарғона вилояти Тошлоқ туманидаги кўп тармоқли марказий поликлиника шифокори ҳамкасбига нисбатан шилқимлик қилгани учун 5 суткага қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Бу ҳақда “Дарё” нашри суд ҳужжатларига таяниб хабар берди.

Маълумотларга кўра, 1993-йилда туғилган Ф.Ж. Тошлоқ туман тиббиёт бирлашмасига қарашли кўп тармоқли марказий поликлиникада шифокор бўлиб ишлаган. У 2026-йил май ойи охирларида шу муассасада оператор бўлиб ишлайдиган аёлнинг телефонига “чиройлисиз, ёқасиз, гаплашиб юрайлик” мазмунидаги хабарлар ва шаҳвоний тусдаги суратларни юборган.

Аёл судда шифокорга иккаласининг ҳам оиласи ва фарзандлари борлигини, бундай таклифнинг нотўғри эканлигини айтганини билдирди. Кейинчалик унинг турмуш ўртоғи аёлнинг телефонидан ушбу хабар ва суратларни кўриб қолган. Шундан сўнг аёл ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга Ф.J.ga нисбатан чора кўришни сўраб мурожаат қилган.

Ф.Ж. судда айбига қисман иқрор бўлиб, аёлга гул сурати ҳамда “чиройлисиз, менга ёқасиз” деган хабарни юборганини тан олди, бироқ бошқа суратлар юборганини рад этди. Шу билан бирга, у ўз ҳаракатларини шилқимлик деб ҳисобламаслигини таъкидлади.

Суд иш ҳужжатларини кўриб чиқиб, Ф.J.ni Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-1-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган деб топди. Унга нисбатан 5 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.

Аввалроқ Сирдарё вилояти Сайхунобод туманида собиқ ўқувчисига шилқимлик қилган спорт мактаби мураббийи 5 суткага қамалгани хабар қилинганди. Тошкент вилояти Янгийўл туманида маст ҳолда ҳамкасбига нисбатан шаҳвоний шилқимлик қилган эркак уч суткага қамалган, аёл эса ўша пайтда пичоқ олиб юргани учун жаримага тортилганди.

o‘zbekistonfargʻonashilqimliksudma'muriy qamoqjazoshifokorish joyida ta'qib