Сиёсат

Эрон АҚШ яна ҳужум қилса, Форс кўрфази давлатларига зарба бериш билан таҳдид қилди

Эрон АҚШнинг навбатдаги ҳужуми содир бўлган тақдирда Форс кўрфази мамлакатларига зарба бериш билан таҳдид қилди.

Реутерс агентлигининг бешта манбага таяниб хабар беришича, Эрон агар АҚШ унинг ҳудудига яна ҳужум қилса, Форс кўрфази минтақасидаги муҳим энергетика обьектларига жавоб зарбаси беришидан огоҳлантирган.

АҚШ президенти Доналд Трамп 28-июл куни Эроннинг энергетика тармоғи ва инфратузилмасига зарба бериш билан таҳдид қилганидан сўнг, Эрон юқори даражадаги дипломатик алоқаларни кескин кучайтирди.

Манбаларнинг маълумотига кўра, Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи Саудия Арабистони, Туркия ва Қатар ташқи ишлар вазирлари ҳамда Покистон армияси қўмондони билан музокара ўтказган. Ароқчи Форс кўрфази мамлакатларини Трампга таъсир ўтказишга ва уни ҳужумдан қайтаришга чақирган. У ҳар қандай ҳужум АҚШ активларига ҳамда Кўрфаздаги энергетика обьектларига жавоб зарбасига сабаб бўлишини таъкидлаган.

Эрон позициясини тушунтирган дипломат шундай деган: “Биз жавоб беришга тайёрмиз. Аммо дипломатик ечим топиш — минтақада уруш ва вайронагарчиликнинг олдини олишнинг энг яхши йўлидир”.

Ушбу огоҳлантириш Форс кўрфазининг барча давлатларига қаратилган бўлиб, асосан Саудия Арабистони ва Қатар орқали етказилган. Саудия валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон Трамп билан гаплашиб, ҳарбий ҳаракатларни ортга суришни ва музокараларга қайтишни сўраган. 2-август куни Трамп Эрон билан тезда келишувга эришиш шарти билан ҳужумни бекор қилишга рози бўлганини билдирди.

**Кенг кўламли уруш хавфи**

Саудия Арабистони кейинги эскалация фақатгина кўпроқ вайронагарчилик олиб келади, деб ҳисобламоқда. Шу сабабли мамлакат Трампни дипломатияга имкон беришга ундади. Шу билан бирга, Ар-Риёд ўз ҳудудига қилинган ҳар қандай ҳужумга ҳарбий жавоб берилишини таъкидлади.

Эрон расмийсининг сўзларига кўра, янги ҳужум бўлса, Кўрфаздаги энергетика обьектлари, нефтни қайта ишлаш заводлари, электр ва сув тармоқлари, транспорт тизимлари ҳамда нефт конларига зарба берилади.

Эрон расмийси шундай деган: “Душман Эрон инфратузилмасига таҳдид қилишда давом этмоқда. Агар Эрон зарар кўрса, бунинг эвазига жуда катта зарар етказади. Улар 2019-йилда Саудия Арабистонининг Арамсо обьектларига қилинган ҳужумни ҳали ҳам эслашади”.

Эрон раҳбарияти, шунингдек, АҚШнинг Кўрфаздаги ҳарбий базаларини ёпишни ва бу давлатлардан Вашингтон билан разведка маълумотларини бўлишишни тўхтатишни талаб қилмоқда.

Эрон расмийсига кўра, энди Трамп иккита қийин танлов йўлида турибди: бутун минтақани урушга тортиш ва дунё энергия таъминотини издан чиқариш ёки Вашингтон хоҳлаган мутлақ ғалабадан пастроқ бўлган дипломатик келишувга рози бўлиш.

Эронлик расмий шундай дейди: “Бироқ келишув йўлидаги асосий тўсиқлардан бири АҚШнинг Эронни ғолиб сифатида тан олишни хоҳламаётганидир. Вашингтон ўзи учун ғалаба исботи бўла оладиган натижани қўлга киритмоқчи”.

Аввалроқ Эрон қўшни давлатларни АҚШнинг “ҳимоя қалқони”га айланиш оқибатидан огоҳлантирган эди.

urusheronaqshenergetikadiplomatiyasaudiya arabistonifors ko‘rfazitahdid