Спорт

Эмилиан Карас Чемпионлар Лигасида “Пахтакор” бош мураббийи сифатида рўйхатдан ўтказилди

Эмилиан Карас Чемпионлар Лигасида "Пахтакор"нинг бош мураббийи сифатида рўйхатдан ўтказилди.

Осиё Футбол Конфедерацияси (ОФК) клублар мусобақалари бўйича лицензиялаш талабларига мувофиқ, зарурий лицензияга эга бўлган Эмилиан Карас ОЧЛ доирасидаги расмий тадбирларда "Пахтакор" бош мураббийи сифатида иштирок этади. У ўйин қайдномалари, матбуот анжуманлари ва Чемпионлар Лигаси доирасидаги барча расмий учрашув ва мулоқотларда тошкентликлар бош мураббийи сифатида қатнашади.

Маълумот учун, Карас мураббийлик фаолиятини 2000-йилда бошлаган. Дастлаб Молдованинг "Дачия" клубида ўйновчи мураббий ва ёрдамчи мураббий бўлиб ишлаган, 2004—2008-йилларда эса жамоа бош мураббийи сифатида фаолият юритган. Унинг бощилигида "Дачия" Молдова чемпионатининг кумуш ва бронза медалларини қўлга киритган, шунингдек, мамлакат кубоги финалигача етиб борган. 2006-йилда Карас Молдовада "Йил мураббийи" деб эътироф этилган.

Кейинчалик у "Тираспол" ҳамда "Олимпия" (Белси) жамоаларида ишлади. 2009-йил августидан Владикавказнинг "Алания" клубида Мирча Редник штабида ёрдамчи ва таржимон сифатида фаолият олиб борди. 2010-йилдан эътиборан таниқли мутахассис Дан Петрескунинг мураббийлар штабига қўшилиб, "Кубан", Қатарнинг "Ал-Араби" ҳамда Хитойнинг "Сзянсу Сайнти" клубларида ассистент сифатида иш олиб борган. Тажрибали мутахассис 2026-йил январидан Тошкентнинг "Пахтакор" клубида фаолият олиб бормоқда.

Эслатиб ўтамиз, "Пахтакор" Осиё Чемпионлар Лигаси (ОЧЛ) саралаш босқичида Иорданиянинг "Ал-Ҳусайн" жамоасига қарши майдонга тушади. Мазкур учрашув жорий йилнинг 11-август куни Тошкентдаги "Пахтакор" стадионида ўтказилади.

coachpakhtakoruzbekistanafc champions leaguefootballmoldovaemilian karasal-husayn