Дунё

Дунай дарёсида сув сатҳи пасайиб, қарийб 1700 йиллик Рим кўприги қолдиқлари кўринди

**Дунай дарёсида сув сатҳи пасайиши натижасида қарийб 1700 йиллик Рим кўприги қолдиқлари кўринди**

Болгарияда Дунай дарёсининг сув сатҳи сезиларли даражада пасайиши оқибатида қадимги Рим даврига оид Константин кўпригининг сув остида қолган пойдеворлари юзага чиқди. Бу ҳақда Реутерс агентлиги хабар берди.

Ушбу ҳодиса археологларга Рим империясининг улкан муҳандислик иншоотларидан бири бўлган кўприк қолдиқларини ўрганиш учун ноёб имконият яратди.

Жорий ёзда Европада кузатилган мисли кўрилмаган иссиқлик тўлқинлари қитъанинг айрим ҳудудларида жиддий қурғоқчиликка олиб келди. Бу эса Дунай ва Рейн каби Европанинг йирик дарёларида сув сатҳининг пасайишига сабаб бўлди.

Плевен минтақавий тарих музейи мутахассиси Павел Поповнинг таъкидлашича, Дунай одатда кўприк қолдиқларини сув остида сақлайди. Сувнинг чекиниши эса археологларга иншоотни табиий муҳитда кузатиш, суратга олиш ва тадқиқ қилиш имконини бермоқда.

Константин кўприги Рим императори Константин И буйруғи билан қурилган бўлиб, милодий 328-йилда фойдаланишга топширилган. У ҳозирги Болгария ҳудудидаги қадимги Улпия Эскус шаҳрини Дунайнинг нариги соҳилидаги, ҳозирги Руминия ҳудудида жойлашган Суцидава билан боғлаган.

Узунлиги 2 километрдан ортиқ бўлган бу иншоот қадимги дунёдаги энг узун кўприклардан бири ҳисобланади. Бироқ у узоқ хизмат қилмаган – олимлар кўприкнинг катта қисми тахминан 367-йилда вайрон бўлган деб ҳисоблайди.

Плевен музейи археологлари Болгария шимолидаги Гиген қишлоғи яқинида сувдан очилиб қолган пойдеворларни дронлар ёрдамида суратга олиб, харитага туширди. Мутахассислар шу орқали кўприкнинг кўриниб турган қисмлари йўналишини аниқлаш ва уларнинг ҳозирги ҳолатини баҳолашга ҳаракат қилмоқда.

Аввалроқ Сербияда Дунай дарёсининг сув сатҳи пасайиши сабабли Германия ҳарбий кемасининг қолдиқлари юзага чиққани хабар қилинганди. Дарёда сув сатҳининг рекорд даражада пасайиб кетгани туфайли Венгрия ягона атом электр стансияси фаолиятини тўхтатишни режалаштирган.

arxeologiyasuv sathi pasayishiulpiya eskusrim ko‘prigibolgariyakonstantin ko‘prigiqurg'oqchilikdunay daryosi